ЎзА Ўзбек

03.03.2019 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонлик спортчилар Бутунжаҳон универсиадаси ўйинларида иштирок этмоқда

Ўзбекистонлик спортчилар Бутунжаҳон универсиадаси ўйинларида иштирок этмоқда

Жорий йилнинг 2-12 март кунлари Россиянинг Красноярск шаҳрида Бутунжаҳон қишки универсиада ўйинлари ўтказилмоқда. Ушбу нуфузли спорт анжуманида Ўзбекистон спорт делегацияси ҳам иштирок этмоқда, деб хабар бермоқда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати.

Мусобақада юртимиз шарафини Али Тўхтаев ва Иван Меркушин мураббийлигида Комилжон Тўхтаев (тоғ чанғиси), Дамир Бухарбаев (тоғ чанғиси), Алдиёр Гаипов (тоғ чанғиси), Екатерина Лябина (сноуборд) ҳамда Жасур Маҳмудов (сноуборд) ҳимоя қилмоқда.

Айни пайтда спортчиларимиз мусобақа ўтказилаётган иншоотларда бўлажак баҳсларга жиддий тайёргарлик кўришмоқда.

Эслатиб ўтамиз, универсиада – Халқаро талабалар спорти федерацияси (FISU) шафелигида талабалар ўртасида, Олимпия циклдан фарқли равишда ҳар икки йилда бир маротаба ўтказиладиган халқаро мусобақа ҳисобланади. Баҳсларда 17 ёшдан 25 ёшгача бўлган талабалар ва мусобақа ўтказилаётган йилда диплом олган битирувчилар иштирок этишлари мумкин.

Бу галги Универсиадада қатнашаётган давлатлар сони рекорд даражани қайд этиб, 58 та мамлакатидан 3000 нафарга яқин спортчи иштирок этмоқда. Талаба-спортчилар биатлон, тоғ чанғиси, керлинг, чанғи пойгалари, сноуборд, конкида фигурали учиш, фристайл, хоккей, тўпли хоккей, чанғида мўлжални олиш ва шорт-трек каби 11 та спорт тури бўйича 76 та медаллар жамланмаси учун кураш олиб боришмоқда.

Маълумот учун: Красноярск шаҳрида ўтказилаётган Бутунжаҳон қишки универсиада ўйинлари қишки спорт турлари ривожланган Норвегия, Швеция, Финляндия, Канада ҳамда қишки спорт турлари кенг оммалашмаган Афғонистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Ливия давлатлари вакиллари иштирок этмоқда.

Энг кўп спортчи билан Россия (293 нафар), Швейцария (99 нафар) ва Хитой жамоалари (79 нафар) иштирок этаётган бўлса, Исландия ва Мексика жамоаларида бир нафардан, Лихтенштейндан икки нафар спортчи қатнашмоқда.

7 350
ЎзА