ЎзА Ўзбек

14.08.2018 12:12 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонлик артиллериячилар “АрМИ – 2018” мусобақасида биринчи марта иштирок этиб, иккинчи ўринни қўлга киритди

Ўзбекистонлик артиллериячилар “АрМИ – 2018” мусобақасида биринчи марта иштирок этиб, иккинчи ўринни қўлга киритди

Тошкент темир йўл вокзалида Қозоғистон полигонида ташкил этилган “Артиллерия ўт очиш усталари” танловида муваффақиятли иштирок этган ўзбекистонлик ҳарбий хизматчиларни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги масъул офицерлари, ота-оналар, ўқувчи-ёшлар, ҳарбий оркестр созандалари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Полковник Хожиддинмурод Камолов етакчилик қилган артиллериячиларимиз 1- ва 2-босқичларда индивидуал эстафета, 3-босқичнинг ярим финал баҳсларида имкониятларини намойиш этиб, финалда Озарбойжон, Беларусь Республикаси, Қирғизистон ва Россиянинг энг кучли артиллериячи жамоаларини ортда қолдириб, иккинчи ўринни эгаллади. Биринчи ўрин мезбонларга, учинчи ўрин Россия ва Озарбойжон вакилларига насиб этди.

“АрМИ-2018”нинг “Артиллерия ўт очиш усталари” танловида қайд этган натижа ҳакамлар ҳайъати ҳамда Озарбойжон, Беларусь Республикаси, Қозоғистон, Қирғизистон ва Россия Федерацияси мамлакатлари жамоалари ҳарбий хизматчиларининг самимий олқишига сазовор бўлди.

– Артиллериячиларимиз ушбу нуфузли мусобақага илк бор қатнашишига қарамай, юқори натижага эришди. Ҳал қилувчи баҳсда ҳарбийларимиз жисмонан ва руҳан устувор эканлигини намойиш этди. Келгусида бу каби мусобақаларда бундан-да юқори натижаларни қўлга киритишга ваъда берамиз, – дейди миномётчилар ҳисоби гуруҳи командири майор Файзулло Каримов.

Шунингдек, Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Хитойнинг Корла шаҳри мезбонлик қилган “АрМИ-2018” Халқаро армия ўйинларининг “Хавфсиз маршрут” танловида учинчи ўринни қўлга киритган ўзбекистонлик ҳарбийлар тантанали кутиб олинди.

Тўрт босқичда бўлиб ўтган “Хавфсиз маршрут” танловининг якуний эстафетаси натижаларига кўра, 3-ўринни 48,36 дақиқа билан ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар эгаллаган бўлса, 2-ўрин россиялик ҳарбий хизматчиларга насиб этди (41,13 дақиқа). 35,31 дақиқа натижа билан 1-ўрин Хитой жамоасига насиб этди.

М. Тошқораева, ЎзА
5 243