ЎзА Ўзбек

10.08.2019 19:28 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонга тарихий олтин медални тақдим этган Зафарбек Каримов жаҳон чемпионатининг энг яхши спортчиси, деб топилди

Ўзбекистонга тарихий олтин медални тақдим этган Зафарбек Каримов жаҳон чемпионатининг энг яхши спортчиси, деб топилди

7 август куни пойтахтимиздаги “Универсал” спорт саройида старт олган таэквондо WT бўйича кадетлар ўртасидаги жаҳон чемпионати бугун ўз ниҳоясига етди.

Тўрт кун давом этган мусобақада дунёнинг 70 га яқин мамлакатидан 850 нафарга яқин ёш таэквондочилар ғолиблик учун баҳс олиб боришди. Унда Ўзбекистон шарафини 20 нафар ўғил-қиз ҳимоя қилишди ва якунда улар биттадан олтин ҳамда бронза медалларини қўлга киритди.

Мусобақанинг дастлабки куни ҳамюртларимиз учун омадсиз келган бўлса, иккинчи кунги беллашувларда 33 килогача бўлган вазн тоифасида даянга чиққан Муҳаммадамин Алиев терма жамоамизга ушбу жаҳон чемпионатидаги илк медални тақдим этди.

photo_2019-08-10_19-29-55.jpg

Кечаги беллашувларда эса 41 килогача бўлган вазн тоифасида терма жамоамиз аъзоси Зафарбек Каримов барча рақибларини мағлуб этган ҳолда олтин медалга сазовор бўлди. Бу Ўзбекистон учун таэквондо WT спортида кадетлар ўртасидаги жаҳон чемпионатларида қўлга киритилган тарихий биринчи олтин медаль сифатида тарих зарварақларига муҳрланди.

Қолаверса, бугун интиҳо топган мусобақа якунларига кўра Зафарбек Каримов ўғил болалар ўртасида жаҳон чемпионатининг энг яхши спортчиси, деб топилди.

Олдинги жаҳон чемпионатларида ўзбекистонлик таэквондочилар кадетлар ўртасида жами 7та бронза медалига сазовор бўлишганди. Энди бизда ушбу спорт тури бўйича жаҳон чемпиони ҳам бор.

photo_2019-08-10_19-30-02.jpg

Бугунги мусобақалар якунида бир нечта йўналишлар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди. Қуйида улар билан танишинг:

Энг яхши спортчи:

Ўғил болалар: Зафарбек Каримов (Ўзбекистон)

Қизлар: Саназ Фазлабад (Эрон)

Энг яхши жамоа:

Ўғил болалар: Россия

Қизлар: Эрон

photo_2019-08-10_19-30-06.jpg

Энг яхши мураббий:

Ўғил болалар жамоаси: Сергей Костаненко (Россия)

Қизлар жамоаси: Аъзам Дорусти (Эрон)

Энг яхши ҳакам:

Эркаклар: Денис Ким (Россия)

Аёллар: Ксения Левай (Сербия)

Шунингдек, жаҳон чемпионати якунига кўра “Фаол иштироки учун” номинациясида Австралия, “Жанговар руҳ” йўналишида эса Марокаш терма жамоалари ҳам ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланишди.

ЎзА
14 719