ЎзА Ўзбек

17.07.2018 10:35 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонга пляж футболи қайтди

Ўзбекистонга пляж футболи қайтди
Пляж футболи деганда кўз олдимизда фақат Бразилия гавдаланади. Тўғрида, жаҳонга танилган мана-ман деган бразилиялик футболчи болалигидан қумли майдонда тўп тепиб катта бўлганини, пляж футболида камол топганини кўп хотирлайди.

Бундай ҳолатни биламиз, эшитганмиз-у лекин вақти келиб ўзимизда ҳам футболнинг бу кўриниши пайдо бўлишига, оммалашишига ишонгимиз келмас эди. Бундан ўн йилларча олдин Ўзбекистонда ҳам пляж футболи бўйича расмий мусобақа ўтказишга киришилди. Пляж футболига жой масаласида Қарши шаҳрида янги таъмирдан чиққан ва Вилоят болалар ва аёллар спорт марказига айлантирилган собиқ “Геолог” стадионининг бир бурчаги танланди. Тезликда иш бошланди: тонна-тонна ташландилар ташқарига олиб чиқилди, юзлаб юк машиналарда қум келтирилди, томошабинлар учун ўриндиқлар, ҳакамлар ва футболчилар учун ечиниб-кийиниш хоналари барпо этилди. Қарабсизки, хорижникидан қолишмайдиган бинойидек пляж футбол майдони пайдо бўлди.

Эркаклар ва аёллар ўртасида мамлакат чемпионати ва Кубок ўйинлари ўтказила бошланди. Ҳар иккаласида ҳам ўнга яқин жамоалар иштирок этар, ғолиблик аксарият мавсумларда мезбонларга насиб қиларди. Ҳатто пляж футболи бўйича икки йилда бир ўтказиладиган Жаҳон чемпионати саралаш ўйинларига саралаб олинган Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ҳам айнан шу майдонда, айнан чемпионат ва кубок ўйинларида тобланарди.

Нима бўлди-ю, мусобақаларга “кўз тегди”. 2012 йилда аввалига эркаклар ўртасидаги турнирлар барҳам топди, бир йил ўтиб эса аёллар мусобақалари ҳам таппа-тақ тўхтади. Орада салкам беш йил ўтибди. Ўзбекистон футбол ассоциациясидаги ислоҳотлар сабаб мазкур спорт ўйин яна тикланмоқда, яна расмий мусобақалар ўтказилиши йўлга қўйилмоқда.

Жорий йилнинг 17-21 июль кунлари Ўзбекистонда расмий мусобақа ўтказиш талабига жавоб берувчи ягона пляж майдони – Қаршидаги “Геолог” спорт мажмуаси пляж майдонида эркаклар ўртасида Ўзбекистон Кубоги мусобақаси ташкил этилмоқда.

Кеча мазкур мусобақага қуръа ташлаш маросими ўтказилди. Унда 12 та жамоа иштирок этадиган бўлди. Булар:

“А” гуруҳи – “Касби” (Касби тумани, “Машъал” клуби қошидаги футбол мактаби мураббийлари), “Локомотив” (Қаршидаги шу номдаги спорт клуби), “Бинокор” (Қашқадарё биринчилиги иштирокчиси).

“В” гуруҳи – “Қарши” (“Бинокор-2” жамоаси), “Пўлати” (Косон туманидаги “Бунёдкор” профессионал спорт клуби), “Когон” (Бухоро вилояти Когон шаҳридаги профессионал футзал жамоаси).

“С” гуруҳи – “Нишон” (Суперлигадаги “Насаф” клуби қошидаги футбол мактаби мураббийлари), “Косон” (вилоят биринчилиги иштирокчиси), “Самарқанд” (Самарқанд вилоят биринчилигида иштирок этаётган жамоалар мураббийлари терма жамоаси).

“D” гуруҳи – “Машъал” (Про-лигадаги “Машъал” футбол академияси мураббийлари), “Насаф” (Суперлигадаги “Насаф” футбол академияси мураббийлари), “Адолат” (Қашқадарё вилоят хавфсизлик хизмати ходимлари).

Бугун мусобақага старт берилади.

Ойбек Юнусов, ЎзА
8 988