ЎзА Ўзбек

28.01.2020 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонда спорт умуммиллий ҳаракатга айланмоқда

Ўзбекистонда спорт умуммиллий ҳаракатга айланмоқда


Давлатимиз раҳбари спортни жадал ривожлантириш, халқаро мусобақаларда юксак натижаларга эришган спортчиларни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашга катта аҳамият бериш зарурлигини, ёшлар ўртасида спортни оммалаштириш мақсадида энг чекка туманларда ҳам болалар ва ўсмирлар спорт мактабларини ташкил этишни асосий вазифалардан бири сифатида таъкидлаган.

Мутасадди ташкилотларга 2020 йил Токиода ўтадиган ёзги Олимпиадага пухта тайёргарлик кўриш, келгусида ёзги Осиё ўйинларидан бирига мезбонлик қилиш бўйича истиқболли режа ишлаб чиқиш бўйича ҳам зарур топшириқлар берилган.

Ушбу топшириқлар ижросини ўз вақтида таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, соҳага инвестиция жалб қилиш мақсадида 2019 йилда марказлаштирилган манбалар ҳисобидан 69 лойиҳани амалга ошириш учун 307,7 миллиард сўм маблағ йўналтирилган.

photo5296466825644715085.jpg

Натижада, умумий қиймати 422 миллиард сўмга тенг 53 объект фойдаланишга топширилди. Масалан, Мўйноқ туманида Универсал спорт мажмуаси, Андижон шаҳрида чим устида хоккей иншооти барпо этилди, Самарқанд шаҳридаги Универсал спорт манежи реконструкция қилинди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ташкил этилган кундан (2018 йил 5 март) то шу кунга қадар Президентимизнинг жисмоний тарбия ва спортга оид ўндан ортиқ фармон ва қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 29 қарори қабул қилинди. Тренерларнинг ойлиги 1,35 бараварга ошди, ўрта махсус маълумотли тренерлар сони 54 фоиздан 47,4 фоизга камайди, олий маълумотли тренерлар билан таъминлаш даражаси 55,8 фоизга етказилди.

Ўтган икки йилда 68 спорт иншоотида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, фойдаланишга топширилди. Президентимизнинг 5 та муҳим ташаббуси доирасида жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланувчилар сони 1 миллион 624 минг 143 нафарга ортиб, улар сони 2,7 миллионга етди.

Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш бўйича олий таълим муассасалари сони 3 тага, соҳа кадрларини малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш муассасалари сони 4 тага етказилди.

photo5296662603138968558.jpg

Хусусан, Самарқанд шаҳрида Россия давлат жисмоний тарбия, спорт, ёшлар ва туризм университети федерал давлат бюджети олий таълим муассасасининг филиали (футбол, баскетбол, теннис, волейбол, эшкак эшиш, енгил атлетика, сузиш турлари бўйича 86 нафар талаба ўқимоқда), Беларусь давлат жисмоний тарбия университети билан ҳамкорликдаги спортнинг гимнастика, футбол, баскетбол, теннис, волейбол, бокс, эркин кураш, юнон-рум кураши, дзюдо, самбо, енгил атлетика, таэквондо турлари бўйича қўшма жисмоний тарбия, спорт ва туризм факультети, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Нукус филиали, Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказининг Нукус, Самарқанд ва Фарғона филиаллари ташкил этилди. Нуфузли спорт мусобақаларининг ғолиб ва совриндорларига 286 спорт мактаби оталиққа бириктирилди.

2020 йилда Токиода ўтказиладиган ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига пухта тайёргарлик кўриш юзасидан спортнинг 25 тури бўйича йўлланмаларни қўлга киритиш учун Ўзбекистон миллий терма жамоа аъзоларидан 420 номзод спортчи танлаб олинди, спортчиларни муносиб тайёрлаш учун 13 хорижий мутахассис ва тренер жалб этилди, режалаштирилган ҳар бир спорт тури бўйича лицензияларнинг қўлга киритиш жараёнини ҳар 15 кунда муҳокама қилиб бориш тизими яратилди.

Айни пайтда 34 спортчи Олимпия ва Паралимпия ўйинларида иштирок этиш учун йўлланмани қўлга киритди. 2019 йилда қўлга киритилган йўлланмалар ичида аввалги Олимпиада ўйинларида қўлга киритилган йўлланмалардан фарқли равишда, Ўзбекистон тарихида илк бор велосипед спорти (шоссе) бўйича аёллар ўртасида Ольга Забелинская, замонавий бешкураш бўйича Алисэ Фахрутдинова ва Александр Савкин Олимпия ўйинларида иштирок этиш учун йўлланмани қўлга киритди. Шунингдек, ўзбек ва жаҳон спорти тарихида улкан муваффақиятларга эришган гимнастикачимиз Оксана Чусовитина фаолиятида саккизинчи бор, енгил атлетикачимиз Светлана Радзивил эса тўртинчи бор Олимпия ўйинлари иштирокчисига айланди.

Бир сўз билан айтганда, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш – буюк умуммиллий мақсад ва умумхалқ ҳаракатига айланди.

Отабек ЭШМАМАТОВ,
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
матбуот хизмати раҳбари.


2 738
ЎзА