ЎзА Ўзбек

10.09.2019 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонда спорт тиббиёти талабга жавоб берадими?

Ўзбекистонда спорт тиббиёти талабга жавоб берадими?


Спорт

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 4 сентябрь куни жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, халқаро мусобақаларга тайёргарликни кучайтириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида соҳадаги камчиликлар, амалга оширилиши зарур вазифалар бўйича топшириқлар берилган эди.

ЎзА мухбири Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Абдушукур СОДИҚОВ билан мазкур вазифаларнинг ижроси ва спорт тиббиёти соҳасида амалга оширилаётган янгиликлар ҳақида суҳбатлашди.

– Спорт фармакологиясини ривожлантириш, якка ва жамоавий спорт турлари билан шуғулланувчиларга тиббий, психологик ёрдам кўрсатиш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда?

– Спортчиларимизни Олимпия спорт турлари бўйича тайёрлаш самарадорлигини ошириш ҳамда Президентимизнинг 2017 йил 9 мартдаги "Ўзбекистон спортчиларини 2020 йил Токио шаҳри (Япония)да бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида спорт федерацияларига тажрибали диетолог, психолог ва қўшимча спорт шифокорлари жалб этилди.

Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази мутахассислари Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги билан ҳамкорликда мамлакатимизда рўйхатдан ўтган 8 фармакологик гуруҳга (витаминлар, энергетиклар, пластик воситалар, антигипоксантлар, антиоксидантлар, адаптогенлар, иммунотроплар ва ноотроплар) кирувчи 936 дори воситаси рўйхати шакллантирилди. Уларнинг 20 дан ортиғи мамлакатимизда ишлаб чиқарилади. Шунингдек, Ўзбекистон миллий антидопинг агентлиги билан ҳамкорликда WADAнинг тақиқланган моддалар рўйхати таҳлил қилиниб, 260 номдаги дори воситаси рўйхати шакллантирилди ва спорт федерацияларига тарқатилди.

Россия олимпия қўмитаси ҳузуридаги Инновацион марказ мутахассислари билан ҳамкорликда эса спортчиларимизнинг иш қобилияти ва индивидуал жисмоний юкламани бажариш салоҳияти юзасидан функционал текширувлар ўтказилди. Бу, ўз навбатида, спортчининг ҳафталик, ойлик ўқув-машғулот режасини ишлаб чиқишда қўл келади. Шунингдек, россиялик ҳамкасблар иштирокида спорт федерациялари шифокорлари, мураббий ва спортчилар учун давра суҳбатлари, маҳорат дарслари ўтказилди.

Психологлар федерацияларда мавжуд муаммоларни ўрганиб чиқди. Улар спортчиларни машқлантириш жараёнида ҳамда мусобақалар давомида тананинг ақлий фаолиятини ва спортчининг хатти-ҳаракатларини тартибга солувчи тизимларни ривожлантириш, такомиллаштириш ва оптималлаштиришга қаратилган тадбирларни амалга оширди. Натижада ҳар бир спорт тури учун мўлжалланган индивидуал психологик характерга эга дастурлар ишлаб чиқилди.

Мазкур дастурларда спортчиларнинг психологик хусусиятини ўрганиш, мураббийларнинг бу борадаги қобилиятини ошириш, спортчини ёки жамоани маънан қўллаб-қувватлаш, машғулотлар жараёнидаги қийинчиликларни енгиб ўтишга ёрдам берадиган психологик муносабатни ривожлантириш, стрессни енгиллаштирувчи воситаларни ишлаб чиқиш каби тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Бу, ўз навбатида, мусобақаларда иштирок этишда, захирадан катта спортга ўтишда юзага келадиган жиддий психологик муаммоларни бартараф этишга ёрдам беради.

Мамлакатимизда мавжуд федерацияларга психологик хизмат кўрсатиш, спортчилар ва мураббийларнинг психологик савиясини ошириш мақсадида Республика спорт тиббиёти илмий амалий марказида, Россия олимпия қўмитаси қошидаги Инновацион маркази спорт психологи Марина Огурцова томонидан маҳорат дарслари олиб борилди.

– Спорт диетологияси, фармацевтикаси каби ихтисослашган соҳаларни ривожлантириш борасида қандай ишлар бажарилмоқда?

– Спорт диетологияси бўйича "Спорт турлари бўйича рационал овқатланишни тўғри ташкил этиш" номли қўлланма нашр этилди. Шунингдек, жорий йилнинг 4 апрель куни “Спортчи рационини тўғри ташкил қилиш муаммолари” мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Унда барча спорт федерацияларидаги мураббийлар ва спорт шифокорлари иштирок этди ва замонавий усуллар ҳақида батафсил маълумотга эга бўлди.

Спорт тиббиёти илмий-амалий маркази, Ўсимлик моддалари кимёси институти ва Тошкент фармацевтика институти ҳамкорлигида "Сумбула", "Мандрагора" ҳамда "Трибулус" ўсимликларидан спорт учун дори воситаларини яратиш бўйича илмий грант шакллантирилмоқда.

– Спортчилар учун керакли бўлган дори воситаларини яратиш ва бу йўналишдаги муаммолар ва уларнинг ечимлари ҳақида нима дейсиз?

– Маҳаллий дори ишлаб чиқарувчи корхоналар билан ҳамкорликда спортчилар учун дори воситаларининг инфузион эритма шакли яратилиб, уларда клиник синовлар ўтказилмоқда. Бу борадаги ишларни замонавий талаблар асосида такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда.

– Сир эмас, кўпчилик спортчиларимиз допинг бўлмаган қандай моддалардан фойдаланиш мумкинлигини билмайди. Шу маънода уларга мутахассислар томонидан қандай ёрдам кўрсатилади. Умуман бу борада муҳим вазифалар нималардан иборат?

– Спортчиларнинг билим даражасини ошириш, допинг нималиги ва WADA рўйхатига кирган воситалардан фойдаланмаслик борасида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика антидопинг агентлиги билан ҳамкорликда “Спортда допингга қарши кураш ва спортда тақиқланган дори воситалари” мавзуида спортчи ва мураббийлар учун тренинг машғулотларини тизимли ташкил этиш борасида ишлар бошланган.

– Миллий олимпия қўмитаси қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий маркази фаолияти ва мутахассислар малакаси замонавий спорт тиббиёти талабларига жавоб бера оладими?

– Бизда замонавий спорт тиббиёти талабларига жавоб бера оладиган мутахассислар кам. Бу муаммони ҳал этиш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси спорт шифокорларига бўлган эҳтиёжни ўрганиб, Соғлиқни сақлаш вазирлигига таклиф киритилди. Ўз навбатида, Соғлиқни сақлаш вазирлиги спорт тиббиёти йўналиши бўйича клиник ординатурага қўшимча 6 ўрин ажратди.

Шунингдек, спортчилар учун керакли дори воситаларини яратишда дуч келаётган муаммолар ҳам мавжуд. Бу муаммога ечим топиш йўлида изланишлар давом этмоқда. Албатта, бунинг учун етарлича маблағ ва юқори илмий даражага эга мутахассислар керак бўлади.


4 420
Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ, ЎзА