ЎзА Ўзбек

10.01.2019 10:55 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонда кўпкари бўйича жаҳон чемпионати ўтказилади

Ўзбекистонда кўпкари бўйича жаҳон чемпионати ўтказилади Кеча пойтахтимиздаги Rakat Plaza меҳмонхонасида Халқаро кўк бўри федерациясининг навбатдаги Конгресси ўтказилди.

Унда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Афғонистон, Эрон, Мўғулистон улоқ-кўпкари ўйини кенг оммалашган давлатлардан ташқари Россия, Хитой, АҚШ, Франция каби дунёнинг 20га яқин мамлакатларидан ҳам вакиллар иштирок этишди.

Конгрессда бир қатор масалалар муҳокама қилинди. Халқаро кўк бўри федерациясининг Низомига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, мамлакатимизда илк бора ташкил этиладиган кўпкари бўйича жаҳон чемпионати мусобақаларини қайси қоидалар асосида ўтказиш каби масалалар шулар жумласидан.

Маълум бўлишича, жорий йилнинг баҳор фаслида, янада аниқроғи “Наврўз” умумхалқ байрами арафасида Халқаро кўк бўри федерациясининг навбатдаги жаҳон чемпионати баҳслари юртимизда ташкил қилинади. Мусобақага Самарқанд ва Қашқадарё вилоятлари мезбонлик қилиши белгилаб қўйилди. Фақат жаҳон чемпионати вақтида чавандозлар улоқни қозонга ёки доирага ташлаши борасида якуний тўхтамга келинмади.

Ўзбекистон улоқ-кўпкари федерацияси вакилининг айтишича, улоқни қозонга ташлаш қоидаси бўйича ўтадиган мусобақаларда отлар ва чавандозларнинг жароҳат олиш эҳтимоли анча юқори саналади. Бироқ, бунга пойтахтимизда ўтказилган Конгрессда ечим топилмади ва ушбу масала навбатдаги жаҳон чемпионати бошланиши олдидан ташкил этиладиган йиғилишда яна бир маротаба муҳокамага қўйилиши белгиланди.



Отабек Эшмаматов, ЎзА
1 655