ЎзА Ўзбек

14.02.2018 18:01 Чоп этиш версияси

Битта мақсад, ҳамжиҳатлик ва бир оила

Битта мақсад, ҳамжиҳатлик ва бир оила
Пойтахтимизда Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси вазирлик даражасига кўтарилгач, Миллий олимпия қўмитаси раиси Умид Аҳмаджонов ҳамда спорт соҳасига янги тайинланган вазир Шоакрам Исроилов икки ташкилот ходимлари иштирокида йиғилиш ўтказди.

Қишки Олимпиаданинг очилиш маросимида иштирок этиш учун Пхёнчханга борган, кейинроқ эса Жанубий Корея маданият, спорт ва туризм вазири билан ўзаро ҳамкорликда ишлаш миссиясини ҳал қилиш учун Сеулда бўлган Умид Аҳмаджонов Тошкентга қайтиши билан биринчи галда шу мажлисни ташкил қилди. Бундан кўзланган мақсад, спорт федерациялари, олимпия қўмитаси ҳамда соҳа вазирлиги ўртасидаги узвий боғлиқликни яратиш ва барчанинг бир мақсад йўлида бирлашишини таъминлашдан иборат эди. Токио—2020 Олимпиадасига жиддий тайёргарлик кўрилаётгани инобатга олинса, ўзаро ҳамжиҳатлик муҳим аҳамият касб этади.

МОҚ раислигидан ташқари, Ўзбекистон футбол ассоциацияси раисининг биринчи ўирнбосари сифатида фаолият олиб бораётган Умид Аҳмаджонов Жанубий Кореяга жўнаб кетиши олдидан икки ташкилот ўзаро ҳамкорликда ишлашини таъминлаганди. Бунда нафақат матбуот хизматлари, балки барча бўлимлар бир мақсад йўлида бирлашиши талаб этилди. Энди эса Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳам бу ишга бош-қош бўлади.

Спорт вазирига айланган Шоакрам Исроилов ва МОҚ раиси Умид Аҳмаджонов бунга қадар ҳам ўзаро ҳамжиҳатликда фаолият юритиб келгани сир эмас. Бу муносабатлар икки алоҳида ташкилотнинг бир мақсад йўлида бирлашишида ҳам ас қотиши шубҳасиз. Бунгача мазкур икки ташкилотнинг биринчи ўрин босарлари бўлган Ойбек Касимов ҳамда Искандар Жўраевнинг ўзаро ўрин алмашиши ҳам шу йўлда хизмат қилади. Улар бир-бири билан узвий боғлиқлик ҳосил қилиши кўзда тутилган.

Умид Аҳмаджонов йиғилиш мақсадини ходимларга тушунтирар экан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бу борадаги алоҳида топшириғига урғу қаратди. Шу кунга қадар спортни ривожлантириш борасида бир қатор қарор ва фармонларга имзо чеккан Шавкат Миромонович, барча соҳаларда бир ёқадан бош чиқариб, виждон билан ишлаш кераклигини таъкидлаб келади. Спортдаги кетма-кет ўзгаришларда ҳам мана шу фалсафа ётибди дейиш мумкин. Эндиликда футбол ассоциациясидан тортиб, спорт вазирлигига қадар, МОҚ тасарруфида бўлган барча федерациялар ҳам ҳамкорлик қилади. Мақсад мамлакат спортини кўтариш, соҳа муаммоларига биргаликда ечим излаш, ундаги иллатларни тозалаш ва бир жойда депсиниб турган ишларни тўғри йўлга қўйиб, ривожланиш йўлига тушиб олиш. Бу ишлар Токио—2020 Олимпиадаси ва ундан кейинги йирик мусобақалар олдидан муҳим қадамлардан биридир.

Манба: Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати

ЎзА
9 252