ЎзА Ўзбек

09.07.2019 22:15 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон ва Россия Олимпия қўмиталари ўзаро ҳамкорлик қилади

Ўзбекистон ва Россия Олимпия қўмиталари ўзаро ҳамкорлик қилади

Токио олимпиадаси бошланишига ҳам деярли 1 йил вақт қолди. Ушбу муддат оралиғида терма жамоа аъзоларини мусобақага пухта тайёрлаш ҳар бир Миллий олимпия қўмитаси олдида турган энг асосий ва муҳим вазифа ҳисобланади.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси олдида ҳам ана шундай масъулиятли вазифа турибди. Олдинда турган катта ҳажмдаги ишларни амалга ошириш учун спорт соҳасидаги илғор мамлакатлар билан ҳамкорлик ишлари талаб этилади. Шу мақсадда айни пайтда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмонов Москва шаҳрида бўлиб турибди ва ушбу ташриф доирасида бугун Россия олимпия қўмитаси раҳбари Станислав Поздняков билан расмий учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув мобайнида ҳар икки ташкилот раҳбарлари кенг доирадаги ўзаро ҳамкорлик борасида суҳбат олиб борди. Унга кўра, бир қатор спорт турлари бўйича қўшма ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш, биргаликда спорт тадбирларини ташкил қилиш, спорт тиббиёти, фармакология масалаларида ҳамкорлик қилишга келишиб олинди. Шунингдек, Сочи ва Кисловодскдаги спорт базаларида терма жамоамиз вакилларининг ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиши, спорт университетларидаги профессор-ўқитувчиларнинг малака ошириши борасида келишувга эришилди.

Ташриф давомида Рустам Шоабдураҳмонов Россия олимпия қўмитаси фаолияти билан яқиндан танишди. Қўмита қошида ташкил этилган Инновацион марказни бориб кўрди. Ўзбекистон МОҚ раҳбарига Москва сафари давомида Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази директори, профессор Абдушукур Садиков ҳамроҳлик қилмоқда.

10 июль куни ҳамкорлик доирасида Россия спорт вазири Павел Колобков билан ҳам учрашув белгиланган.

ЎзА