ЎзА Ўзбек

28.08.2019 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон суперлигаси-2019: “Пахтакор” ҳеч кимни аямаяпти, “Динамо”да эса инқироз давом этади...

Ўзбекистон суперлигаси-2019: “Пахтакор” ҳеч кимни аямаяпти, “Динамо”да эса инқироз давом этади...

Кеча Суперлигада 18-тур ўйинлари давом эттирилди. Сешанба оқшомида мухлислар яна тўртта учрашувга гувоҳ бўлишди.

Чемпионат пешқадами “Пахтакор” клуби бу турда ўз майдонида “Андижон”ни қабул қилди. Кетма-кет уч турдан бери фақат йирик ҳисобларда ғалаба қозонаётган “шерлар” бу сафар Александр Хомяков шогирдларини ҳам аяб ўтиришмади. Учрашув Шота Арвеладзе жамоасининг катта устунлигида ўтиб, якунда йирик – 5:1 ҳисоби қайд этилди. Бу ғалабадан кейин пахтакор”чилар энг яқин таъқибчиси “Локомотив” билан орадаги фарқни 15 (!) очкога оширди ва амалда чемпионлик масаласини ҳал қилди.

Paxta-Andijon (2).jpg

Paxta-Andijon (4).jpg

Пойтахтликлардан фарқли ўлароқ 2-даврада фақат очко улашаётган Самарқанднинг “Динамо” жамоаси яна “саховат” кўрсатди. Бу сафар улар чемпионатнинг яққол аутсайдери “Бухоро”га йирик – 0:3 ҳисобида ютқазиб қўйди. Ўйиндаги барча голлар қандайдир 5 дақиқа ичида киритилди. Шу тариқа 1-даврадан кейин суперлигани тарк этиши ҳақида умуман гап-сўз бўлмаётган “Динамо” 18-турдан кейин аутсайдерлардан бирига айланиб қолди. Тўғри, улар ҳозирда 9-ўринда боришмоқда. Аммо энди “арслонлар”ни сўнгги ўриндаги “Бухоро” билан атиги уч очколик фарқ ажратиб турибди.

“Қўқон-1912” жамоаси эса қаторасига учинчи ғалабасини тантана қилди ва хавфли ҳудуддан бироз узоқлашди. Бу сафар улар “Насаф”ни қабул қилиб, жамоа сардори Мурод Холмуҳамедовнинг жарима зарбасидан киритган ягона голи эвазига муҳим ғалабани қўлга киритди.

Paxta-Andijon (5).jpg
Paxta-Andijon (6).jpg

Paxta-Andijon (7).jpg

Ниҳоят Жиззахда “Сўғдиёна” жамоаси Миржалол Қосимов бошқарувидаги АГМКни қабул қилиб, 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Ўйин тақдирини жиззахликларнинг грузиялик легионери Кахи Махарадзе томонидан киритилган гол ҳал қилди. Бу ғалаба натижасида “Сўғдиёна” жамоаси турнир жадвалида 4-ўринга кўтарилиб олишди. Ким ўйлабди дейсиз, мавсум бошида Сергей Лушанни истеъфога чиқарган жамоа мавсум охирига келиб медаллар учун курашади, деб? Футболда шунақаси ҳам бўлиб туради.

Ўзбекистон суперлигасининг 18-тур ўйинларига бугун “Сурхон” – “Қизилқум” баҳси якун ясаб беради.

Чемпионатда “Пахтакор” 50 очко билан пешқадамлик қилаётган бўлса, 2-ўриндаги “Локомотив” ҳисобида 35 очко бор. Кучли учликни 31 очко билан “Бунёдкор” якунлаб берса, улардан атиги бир очкога ортда қолаётган “Сўғдиёна” 4-ўринда бормоқда.

5 726
О.ЭШМАМАТОВ, М.АМИН (сурат), ЎзА