ЎзА Ўзбек

13.04.2019 18:59 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон суперлигаси-2019: Даврон Файзиев собиқ жамоасини ранжитди

Ўзбекистон суперлигаси-2019: Даврон Файзиев собиқ жамоасини ранжитди

Бундан бироз аввал Ўзбекистон суперлигасининг 4-туридан ўрин олган “Динамо” ҳамда “Сўғдиёна” жамоалари учрашуви якунланди.

Мазкур учрашув шуниси билан муҳим эдики, асли жиззахлик бўлган ҳамда узоқ йиллар давомида “Сўғдиёна” клубида фаолият олиб борган Даврон Файзиев шу куни ўзининг қадрдон жамоасига қарши кураш олиб борди.

Мавсумни ғалаба билан бошлаган бўлса-да, бироқ кетма-кет икки ўйинда имкониятни бой берган жиззахликлар анча мушкул вазиятга тушиб қолганди. Агар улар 4-турда ҳам мағлуб бўлишса, жамоа бош мураббийи Сергей Лушаннинг курсиси қимирлаб қолиши ҳеч гап эмасди. Буни тўғри англаган меҳмонлар илк дақиқалардан ташаббусни ўз томонига оғдиришга ҳаракат қилди.

Аммо, маҳаллий ишқибозларнинг қўллаб-қувватлаши ёрдамида “Динамо” жамоаси тезда вазиятни ўнглади ва биринчи бўлим ўрталарига келиб “Сўғдиёна” дарвозаси олдида бирин-кетин ҳавфли вазиятлар содир эта бошлади. 30-дақиқада Ихтиёр Тошпўлатов собиқ жамоаси дарвозасини ишғол этишга яқин келди, аммо унга бироз аниқлик етишмади.

Иккинчи бўлим майдон эгаларининг шиддатли ҳужумлари билан бошланди ва бу тезда ўз самарасини берди. 52-дақиқада Миркомил Лоқаев тўпни “Сўғдиёна” жарима майдончасига оширди, бу ерда ҳимоячилар эътиборидан четда қолган Қадамбой Нурметов ушбу пасни голга айлантирди – 1:0. Ўйиннинг 78-дақиқасида жиззахликлар вакили Даврон Умиров иккинчи бор огоҳлантирилди ва майдонни тарк этди. Натижада бир киши кам бўлиб қолган “Сўғдиёна” яна мағлубиятни тан олишга мажбур бўлди.

ЎзА
4 532