ЎзА Ўзбек

14.11.2019 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон - Саудия Арабистони: биринчи бўлимдан кейин ҳисоб – 1:1

Ўзбекистон - Саудия Арабистони: биринчи бўлимдан кейин ҳисоб – 1:1

Учрашув дастлабки дақиқаданоқ ҳар иккала жамоа томонидан ҳам шиддатли, кескин ва муросасиз бошланди. Ўйиннинг тенг ярмига етганида ҳам кимнинг устунлиги ҳақида гап бориши мумкин бўлмади. Ҳар иккала жамоанинг ҳужумкорлиги ҳам, ҳимояланиши ҳам ва хавфли вазиятлар яратиши ҳам деярли тенг кўринишда кечди. Бу пайтга келиб ҳисоб очилган, ҳатто тенглашганди ҳам.

Аввалига, учрашувнинг 17-дақиқасида миллий терма жамоамиз ҳужумчиси, Россиянинг “Ростов” клубида ном қозонаётган Элдор Шомуродов Ёсир Ал Шаҳронийнинг хатосидан фойдаланиб дарвоза тўрини нишонга ола билди. Бироқ мезбонларнинг хурсандчилиги узоққа чўзилмади. Рустам Ашурматов ўз жарима майдони ичида Фирас Ал Бурайканга қарши курашда унга нисбатан қўполлик қилди. Ўн бир метрлик жаримани Салмон Ал Фараж бехато бажарди. 

photo5361605304678198387.jpg

photo5361605304678198388.jpg

Хўш, иккинчи бўлим қандай кечади? Футболчиларимиз ғалаба қозона оладими?

Албатта, муваффақият қозонишимизга умидвормиз, ишончимиз ҳам комил. Биринчидан, терма жамоамиз таркибининг айни пайтдаги рухияти баланд, мағлубият билан бошлаган гуруҳ ўйинларини терма жамоа бош мураббийи ўзгаргач вазиятни ҳам ўзгартира олганлиги, натижада учта ўйиндан кейин гуруҳда биринчи ўринга кўтарилиб олганлиги. Термамиз айни пайтда уч ўйинда битта мағлубият ва иккита ютуқни қайд этган ҳолда олти очко билан пешқадамлик қиляпти. Термамизнинг яқин таъқибчиси бу Арабистонликлар. Саудияликлар ҳисобида ҳали мағлубият йўқ, лекин битта ютуқ ва иккита дуранг натижа билан иккинчи ўринда боришмоқда.

photo5361605304678198389.jpg

photo5362011127548062958.jpg

photo5363946186408569690.jpg

Иккинчидан, учрашувни бошқараётган Рюжи Сато турли терма ва клубларимиз иштирокида нақд ўнта ўйинда бош ҳакам вазифасини бажарган. Гарчи клубларимиз иштирокидаги ўйинларда ютуққа нисбатан мағлубият кўпроқ бўлса-да, айнан миллий терма жамоа ўйинларида у бошқарган учрашувларда эришган ғалабаларимиз кўп. Айтайлик, ЖЧ-2018 саралаш баҳсларида Тошкентда бўлиб ўтган Филиппин ва Сурия термаларига қарши ўйинларда футболчилармиз зафар қучишган. Демак, Сатонинг бу галги “қадамининг ҳам қутлуғ келишига” шубҳа қилмаймиз.

Тағин ким билади, буни футбол дейдилар...

2 881
Ойбек ЮНУСОВ, Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА