Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.08.2017 16:42 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинлари ўртасида бокс бўйича навбатдаги чемпионат ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинлари ўртасида бокс бўйича навбатдаги чемпионат ўтказилди Самарқанд сержантлар тайёрлаш мактабида ўтказилган чемпионатда вазирлик тизимидаги тузилмалар, ҳарбий қисмлар ҳамда муассасаларнинг 20 жамоаси олти вазн тоифасида беллашди.

Еттинчи бор ўтказилаётган анъанавий чемпионат ҳарбий хизматчилар ўртасида спортнинг оммавийлигини ошириш, уларнинг жисмоний тайёргарлигини кучайтириш, ирода ва қатъиятини мустаҳкамлашга қаратилган.

– Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ ҳарбий қисмларидан бирида хизматни ўтаяпман, – дейди 64 килограмм вазн тоифасида ғолибликни қўлга киритган Бахтиёр Нидоев. – Ёшлигимдан бокс билан шуғулланаман. Ҳарбий хизмат давомида ҳам спортни ташлаб қўймадим. Келгусида хизматни давом эттириб, ҳарбийлар ўртасидаги халқаро мусобақаларда ҳам муносиб иштирок этишни мақсад қилганман.

Муросасиз курашларга бой ўтган мусобақада Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва ҳарбий-ҳаво кучлари терма жамоаси умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритди.

– Мусобақада 6 спортчимиз иштирок этди, – дейди Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва ҳарбий-ҳаво кучлари терма жамоаси бошлиғи Шерзод Яхшиев. – Тўрт вазнда жамоамиз аъзолари финал жангларида қатнашди ва учта баҳсни ўз фойдасига ҳал қилди.

Чемпионат ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилди. Совринли ўринларни эгаллаган ҳарбий спортчилар Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирининг учинчи даражали “Namunali xizmati uchun” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА
2 688






Все о погоде - Pogoda.uz