ЎзА Ўзбек

07.08.2019 20:28 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон Миллий университетида корейс жанг санъати

Ўзбекистон Миллий университетида корейс жанг санъати

2019 йил 7 август. Бугун Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ректори А.Р.Марахимов Жанубий Кореядан ташриф буюрган меҳмон билан учрашди.

Кўп сонли мухбир ва журналистлар иштирок этган интервью жараёнида кўплаб саволлар берилди. Ректор Тхэквондо факультетининг 150 нафар талабалари, шунингдек, янги келган абитуриентлар, университетда спортни ривожлантиришнинг инфратузилмаси ва янги режалари ҳақида сўзлаб берди. Университет ушбу факультетга республиканинг иқтидорли спортчиларини иккинчи йил қабул қилмоқда. Ректор бу факультетда йигитлар билан бир қаторда қизлар ҳам таҳсил олишини алоҳида таъкидлаб ўтди. Улар эртанги спорт ва олимпия ўйинларининг юлдузлари, ўзбек спортининг ифтихорига айланишлари мумкин.

Учрашув давомида кўплаб самимий сўзлар, гуллар ва табассумлар бўлди. Шарқда меҳмонлар алоҳида эътибор билан, шарқона тарзда қабул қилинади! Бутунжаҳон тхэквондо федерациясининг президенти Чхун Вон Чхо спортчилар ва университет профессор-ўқитувчилари учун маъруза ўқиди. Бу жуда муҳим. Мирзо Улуғбек номидаги ЎзМУда Шарқ яккакурашлари факультетининг ташкил этилиши Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси эканлиги алоҳида эътиборга молик. Мирзо Улуғбек номидаги ЎзМУ ректори таъкидлаганидек, дунёда ушбу спорт турининг мухлислари ва ихлосмандлари жуда кўп. Бироқ маъруза Тошкентда, айнан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида ташкил этилди.

Бу университетга бўлган ҳурматнинг бир кўриниши эмасми? Бутунжаҳон тхэквондо федерациясининг Президенти Чхун Вон Чхо эса университетимиз профессори. Демак, у ўз уйига келди ва ўз талабаларига маъруза ўқиди. Ҳурматли меҳмоннинг ЎзМУга ташрифини ректор шундай баҳолади. Меҳмон Ўзбекистон Миллий университети профессори лавозими унинг зиммасига улкан масъулият юклаганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Брифингдан сўнг ташкил этилган маъруза давомида жуда кўп масалалар айтиб ўтилди. Шунингдек, Бутунжаҳон тхэквондо федерацияси Президенти Чхун Вон Чхонинг маърузасидан аввал Тхэквондо Ассоциациясининг ютуқлари тўғрисида видеофильм тақдим қилинди. Буларнинг бари қуйидагиларни ёритиб бериш мақсадида амалга оширилди: ушбу спорт турининг пайдо бўлиши ва тарихи; унинг ривожланиши ва бугунги кундаги ҳолати ва ҳ.к. Корейс спорт тури бўлган таэквондо ёки тхэквондо – жанг санъати. Унинг ўзига хос жиҳати – жангда оёқни фаол ишлатиш; бу зарба бериш каби ҳимояда ҳам қўлланилади.

Тхэквондо ўзида руҳий машқлар тизимини ва қуролсиз ҳимояланиш техникасини мужассамлантирган, шунингдек, саломатлик билан бир қаторда ушбу спорт тури бир ёки бир нечта рақибларга шикаст етказиш мақсадида яланг қўл ва оёқлар ёрдамида амалга ошириладиган зарбаларни малакали тарзда бажариш услуби ҳам демакдир.

Мазкур спорт турининг тарихи ва ўзига хос хусусиятлари тўғрисида гапирар эканмиз, уч давлат бошқаруви даврларида “субак” ва “тхэкён” якка кураш жанг санъатлари пайдо бўла бошлаганлиги, ва кейинчалик ушбу жанг санъати турлари тхэквондонинг ривожланиши учун асос сифатида хизмат қилганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилган. Уч давлат тарихининг кейинги даврларида якка кураш турлари Корея ярим оролида катта шуҳрат қозонган ва айниқса жангчиларни тайёрлашда алоҳида ўрин эгаллаган. Тхэквондода белбоғлар шартли равишда “рангли”лар (оқ белбоғ ҳам шулар жумласига киради) ва “қора белбоғ” турларига бўлинади. Рангли белбоғларга 10 дан 1 гача бўлган 10 та “гып”лар (корейс тилидан – даража) киради. Ўзбекистонда ҳудудий федерацияга боғлиқ равишда белбоғ ранги ва унга мос бўлган “гып” бир-биридан фарқ қилиши мумкин, бироқ асосан улар қуйидагича таснифланади:

•10 гып – оқ

•9 гып – оқ-сарғиш

•8 гып – сариқ

•7 гып – сарғиш-яшил (ёки яшил чизиқли сариқ)

•6 гып – яшил

•5 гып – яшил-кўкиш (ёки кўк чизиқли яшил)

•4 гып – кўк

•3 гып – кўк-қизғиш (ёки қизил чизиқли кўк)

•2 гып – қизил

•1 гып – қизил белбоғ (ёки жигарранг белбоғ, уни БТФда 15 ёшгача бўлган тхэквондочиларга таъсис этиладиган, тхэквондодаги қора белбоғ даражасига тенг бўлган қизғиш-қора “пхум” белбоғи билан адаштирмаслик лозим)

ЎзА
841