ЎзА Ўзбек

03.05.2019 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон Лига кубогида 16та жамоа иштирок этади

Ўзбекистон Лига кубогида 16та жамоа иштирок этади

Хабар берганимиздек, жорий йилдан бошлаб Профессионал футбол лигаси лицензиялаш талабларига жавоб берувчи футбол клублари ўртасида Ўзбекистон Лига кубоги мусобақасини ташкил этади.

Жорий йилги тақвимда мазкур мусобақа ўйинлари учун алоҳида кунлар белгиланган. ПФЛ расмий сайтида маълум қилинишича, мусобақада Суперлиганинг 14та, шунингдек, А Про-лиганинг “Машъал” ҳамда “Шўртан” клублари иштирок этади.

“2020 йилдан бошлаб Ўзбекистон кубогида иштирокчилар сони айнан лицензиялаш талабидан келиб чиқиб белгиланади, Лига кубогида эса ПФЛ тасарруфидаги мусобақаларда иштирок этаётган барча футбол клублари ўйнаш имкониятига эга бўлади. Зеро, Ўзбекистон кубогида ғолиб чиққан жамоада Осиё чемпионлар лигаси йўлланмасини қўлга киритиш имкони мавжуд. Шундай экан, лицензиялаш талабларига жавоб бермайдиган клубларнинг мазкур мусобақада иштирок этишига келаси мавсумдан бошлаб йўл қўйилмайди”, – дейилади хабарда.

Лига кубоги форматига асосан, 16та иштирокчи 4та гуруҳга ажратилади, жамоалар гуруҳ босқичида 3тадан учрашувда иштирок этади. Учрашувларнинг қайси майдонда ўтишини қуръа жараёни аниқлаб беради. Ҳар бир гуруҳда дастлабки икки ўринни эгаллаган жамоалар чорак финалга йўл олади. Гуруҳ босқич ўйинлари 31 май санасида старт олади.

2 800
ЎзА