ЎзА Ўзбек

23.06.2020 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон Кубоги: «Водий» ва «Воҳа» қарама-қаршилигида воҳаликларнинг қўли баланд келди

Ўзбекистон Кубоги: «Водий» ва «Воҳа» қарама-қаршилигида воҳаликларнинг қўли баланд келди

Мамлакатимизнинг тўрт шаҳрида Ўзбекистон Кубогининг дастлабки босқич – саралаш ўйинлари бўлиб ўтди. Эътиборли жиҳати, тўрт ўйиндан учтаси водийда ташкил этилди. Қизиқ томони эса учта учрашувдан иккитасида меҳмонлар – воҳаликлар ғалаба қозонишди.

Фарғонада «Нефтчи» «Хоразм»ни қабул қилди. Кутилмаганда биринчи бўлимнинг ўзида хоразмликлар ҳисобни очишди. Мағлубиятдан қутулиш учун эътиборни ҳужумга қаратган майдон эгалари иккинчи бўлим бошида ўз дарвозаларидан яна тўп ўтказиб юборишди. Кўпчилик «масала ҳал бўлди, меҳмонлар ютишди», дея хулоса чиқара бошлаган ҳам эдики мезбонлар «уйғониб қолишди». Отабек Зокиров икки бор гол уриб ҳисобни тенглаштирганди. Сўнгги дақиқада эса Достонбек Бобожонов жамоадошларининг жонига оро бўлди.

«Истиқлол» «Динамо» учрашувида меҳмонлар майдон эгаларига ҳеч қандай имкон қолдиришмади. Яқин ўтмишнинг футбол юлдузи Илҳом Шарипов ўрнида иш бошлаган яна бир собиқ таниқли футболчи Учқун Қобиловнинг раҳбарликдаги қадами қутлуғ келди.

Лекин водийнинг янги вакили, ташкил топганига эндигина икки-уч йил бўлган, ишга профессионаллик нуқтаи назари билан ёндашиш бўйича обрў қозона олган, мамлакатимиздаги камдан-кам хусусий клублардан бири ҳисобланган «Турон»нинг чинданам бугун омади юришмади. Аввалига ўз дарвозаларидан тўп ўтказиб юбориб, кейин ҳисобни тенглаштира олган яйпанликлар ғалаба қозонишни дилдан исташганди. Омаднинг юришмагани эса пенальтилар церийасида ҳам яққол билинди – «лоторея ўйинида» самарқандликларга омад кулиб боқди ва навбатдаги босқичга йўлланма олди.

Пойтахтда ўтган «Оқтепа» ва «Зомин» учрашуви натижаси ҳақида олдиндан бир нима дейиш қийин эди. Биринчи бўлимдаги тенг курашли вазиятлар ҳам бу фикрни исботлаётганди. Бироқ иккинчи бўлимда таркибида хорижлик футболчиси бўлган ва айнан унинг ташаббуси билан ўйин суратини оширган мезбонлар ғалабани «илиб кетишди». «Оқтепа» таркибида тўп сураётган нигериялик Ибрахим Гбадамоси Томива икки ҳимоячини алдаб, дарвозабонни ҳам доғда қолдирган сонияларда ҳатто зоминликлар ҳам уни олқишлаб юборишганини ўзлари ҳам сезмай қолишди...

23 июнь, сешанба

НЕФТЧИ – ХОРАЗМ - 3:2
Фарғона. «Нефтчи» спорт мажмуаси

Ҳакамлар: Достон Раҳмонов, Маҳмуд Турдиев, Феруз Достонов, Достон Мирзараимов

Голлар: Отабек Зокиров (65, 74), Достонбек Бобожонов (89) - Турсунмурод Ҳамдамов (9-пен.), Норхан Шерипов (52)

Огоҳлантиришлар: Дилёрбек Ирматов (45+1), Элдор Эргашев (90+1) - Сардорбек Матмуратов (40), Турсунмурод Ҳамдамов (54).

Назоратчи - Маъмур Саидқосимов
Комиссар - Александр Давиденко.

ИСТИҚЛОЛ – ДИНАМО - 0:3
Фарғона. «Истиқлол» стадиони

Ҳакамлар: Раҳимбек Каримов, Ойбек Калахўжаев, Хусниддин Шодмонов, Ғайрат Жўраев

Голлар: Низомжон Норов (37), Муҳаммадқодир Раҳимберганов (55), Дамир Темиров (77)

Огоҳлантиришлар: Абдухолиқ Қурбонов (25), Умар Адҳамзода (60), Файзуллобек Жуманқўзиев (80) – Комил Шарафутдинов (22), Шоҳруҳжон Эшбўтаев (89).

Четлатиш: Абдухолиқ Қурбонов (45, иккинчи сариқ).

Назоратчи - Шухрат Бозоров
Комиссар - Бахтиёр Ширинов.

ТУРОН – ШЎРТАН - 1:1. П.б. 3:5
Яйпан. «Ўзбекистон» стадиони

Ҳакамлар: Элёр Турсунов, Шоҳнур Йўлдошев, Далер Тиллаев, Алишер Тўхтасинов

Голлар: Жасур Холтўраев (63), Дилшод Хушбақов (76-пен.)

Огоҳлантиришлар: Шоҳрузбек Холматов ( 45+1)

Назоратчи - Ислом Раҳимов
Комиссар - Маъмур Султонов.

ОҚ-ТEПА – ЗОМИН - 2:0
Тошкент. «Тўқимачи» стадиони

Kubok-oqtepa-zomin (14).jpg

Kubok-oqtepa-zomin (11).jpg

Kubok-oqtepa-zomin (2).jpg

Ҳакамлар: Комил Расулов, Шерзод Камаров, Сардор Ҳакимов, Ҳусан Музаффаров

Голлар: Ибрахим Гбадамоси Томива (77), Фарруҳ Содиқов (80)

Огоҳлантиришлар: Дониёр Умаров (44), Максимилиан Фомин (74), Сергей Прохоров (76) – Элдор Каримов (63), Фарруҳ Хожибеков (90+4).

Назоратчи - Александр Попов
Комиссар - Ойбек Юнусов.

Шу тариқа, «Оқ-Тепа», «Нефтчи», «Шўртан» ва «Динамо» жамоалари Coca Cola Ўзбекистон Кубогининг иккинчи саралаш босқичига чиқишди. Мазкур босқич учун қуръа ташлаш маросими «Спорт» телеканалида жонли эфирда намойиш этилди.

Қуръа натижаси:

ШЎРТАН – НЕФТЧИ

ДИНАМО – ОҚ-ТEПА

Иккинчи босқич беллашувлари 28 июнь куни бўлиб ўтади. Ушбу босқичда ғалаба қозонган икки жамоа Coca Cola Суперлиганинг 14 клубига қўшилиб, кубокнинг гуруҳ босқичига йўлланма олади.

Ўзбекистон Кубоги финали Наманган шаҳрида бўлиб ўтади.

5 596
Ойбек ЮНУСОВ, Муҳаммад АМИН(сурат), ЎзА