ЎзА Ўзбек

06.08.2019 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон кубоги: АГМК бир оёғи билан ярим финалда...ми?!

Ўзбекистон кубоги: АГМК бир оёғи билан ярим финалда...ми?!

Кеча Ўзбекистон кубогининг чорак финал ўйинларига қуръа ташланди.

Қуръа натижалари бизга бир қатор қизиқарли жуфтликларни тақдим этди. Жумладан, сўнгги вақтларда анча мазмунли ўйинлар намойиш этаётган Қаршининг “Насаф” клуби ярим финал йўлида “Навбаҳор” билан куч синашса, Жиззахнинг “Сўғдиёна” клуби ўз майдонида “Бунёдкор”ни қабул қилади. “Локомотив” мусобақани тарк этгач ушбу жамоаларнинг кубок баҳсларида ғалаба қозониш (ҳеч бўлмаганда финалгача етиб бориш) имконияти сезиларли даражада ошди. Фақат бу имкониятдан улар қай даражада фойдаланади, буни олий ҳакам – ВАҚТ кўрсатади.

Бу йилги мавсумда ўзи иштирок этаётган барча мусобақаларда ғолиб чиқишни мақсад қилган “пахтакор”чилар эса чорак финалда Термизнинг “Сурхон” клуби билан баҳслашади. Бу жамоалар ўртасидаги ўйин Тошкентда бўлиб ўтади.

Ва ниҳоят чорак финалнинг сўнгги жуфтлигини Тошкентнинг “Оқтепа” ҳамда АГМК жамоалари ташкил қилди. Мамлакат кубогининг амалдаги ғолиби саналмиш олмалиқликлар бу йил ҳам бош совринни кўзлаяптими-йўқми, буниси бизга қоронғи. Аммо, қуръада уларга омад кулиб боқаётганлиги бор гап. Ахир уларга нимчорак финалда “А” Про-лига вакили “Машъал” рўбарў келган бўлса, энди “Оқтепа” билан тўқнашади. Ушбу жуфтликда назарий жиҳатдан АГМК яққол фаворит, бироқ футболда “майдон текис, тўп думалоқ”, ҳар нарса бўлиши мумкин.

Дарвоқе, Ўзбекистон кубогининг чорак финал жуфтликлари ғолиблари атиги битта учрашувда аниқланади. Агар асосий вақтда кучлар тенг келса, қўшимча вақт белгиланади ва унда ҳам ғолиб аниқланмаса, пенальтилар сериясига мурожаат қилинади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон кубоги-2019 ғолиби Осиё Чемпионлар лигаси саралаш баҳсларида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.

Ўзбекистон кубоги-2019.
¼ финал

21 август, чоршанба

“Оқтепа” – АГМК

“Сўғдиёна” – “Бунёдкор”

22 август, пайшанба

“Навбаҳор” – “Насаф”

“Пахтакор” – “Сурхон”

885
ЎзА