Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.09.2017 15:44 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон футбол федерациясининг ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди

Пойтахтимизда Ўзбекистон футбол федерациясининг ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Бу хақда қисқача маълумот берган эдик.

Анжуманда мамлакатимизда спортни, жумладан, футболни ривожлантириш, ўсиб келаётган ёш авлоднинг ҳар томонлама соғлом бўлиб вояга етишини таъминлаш, уларнинг футбол билан мунтазам шуғулланиши учун зарур шароит яратишга доимий эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Сўнгги йилларда мамлакатимизда футболни ривожлантиришнинг мустаҳкам пойдевори, яхлит тизими яратилди. Юртимизнинг барча ҳудудларида футбол инфратузулмаси яратилмоқда. Ёш футболчиларнинг машғулотларини юқори савияда ташкил этиш, улар орасида турли мусобақа ва турнирлар мунтазам ўтказишга эътибор қаратилмоқда. Бу эса иқтидорли спортчиларни саралаш ва терма жамоаларга жалб этишда муҳим аҳамият касб этаётир.

Бунинг самарасида ўзбек футболи ижобий натижаларга эришди. Ўтган йиллар давомида ёш футболчиларимиз қатор давлатларда ўтказилган жаҳон ва Осиё чемпионатларида муносиб иштирок этди, Ўзбекистон футбол федерацияси ФИФАнинг “Fair Play” (ҳалол ўйин) соврини билан тақдирланди. ФИФА рефериси Равшан Эрматов футбол бўйича турли нуфузли мусобақаларда, жумладан, кетма-кет икки жаҳон чемпионатида ҳакамлик қилди.

Конференцияда эришилган ютуқлар билан бирга мавжуд муаммо ва камчиликларга таҳлилий-танқидий руҳда ёндашиш, уларни бартараф этиш зарурлиги ҳақида сўз юритилди. Жумладан, миллий терма жамоанинг яратилган имкониятлардан унумли фойдаланмай, 2018 йили Россияда бўладиган жаҳон чемпионатига чиқа олмагани, вилоятлар футбол федерациялари фаолиятида сусткашликка йўл қўйилаётгани, жойлардаги футбол мактаблари, мактаб-интернатлари ёш иқтидорли футболчиларни тарбиялашда самарасиз иш олиб бораётгани, улар учун етарлича имкониятлар яратиш борасида ҳам камчиликлар кузатилаётгани таъкидланди.

Конференцияда Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари, Ўзбекистон миллий паралимпия ассоциацияси раисининг биринчи ўринбосари, "Пахтакор" профессионал футбол клуби раиси ўринбосари Умид Аҳмаджонов Ўзбекистон футбол федерациясининг раиси этиб сайланди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамияти бошқаруви раиси О.Раматов, Ўзбекистон ички ишлар вазири П.Бобожонов, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти ректори Ш.Исроилов Ўзбекистон футбол федерацияси раисининг ўринбосарлари этиб сайланди. Шунингдек, конференцияда Ўзбекистон футбол федерациясининг ижроия қўмитаси аъзолари сайланди.

Конференция кун тартибидаги қатор масалалар бўйича ахборотлар тингланди.

Байрам Айтмуродов, ЎзА
2 111






Все о погоде - Pogoda.uz