ЎзА Ўзбек

23.09.2019 Чоп этиш версияси

Ўзбек ўғлони – жаҳон чемпиони!

Ўзбек ўғлони – жаҳон чемпиони!

Фарғоналик Миразизбек Мирзахалилов Россия Федерациясининг Екатеринбург шаҳрида бўлиб ўтган бокс бўйича жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритиб, жаҳон чемпиони деган юксак шарафга сазовор бўлди.

Қува тумани Қайрағоч қишлоғида туғилиб ўсган Миразизбек болалигидан спортга меҳр қўйди. Бунинг боиси, оилавий муҳит, яъни у спортчилар оиласида улғайди. Оиладаги беш ўғлоннинг барчаси бокс билан шуғулланади. Унга Баҳодир Эркаев ва акаси Мираҳмад Юнусов устозлик қилди. Интилувчанлиги ва тиришқоқлиги сабаб тезда кўзга ташланган ёш спортчи кўп ўтмай вилоят миқёсидаги мусобақаларда юқори натижаларни қўлга киритди. Бир неча марта мамлакат чемпиони бўлди. Миразизбек бир неча йилдан буён бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси сифатида халқаро мусобақаларда қатнашиб келмоқда.

Россия Федерациясининг Екатеринбург шаҳрида бўлиб ўтган бокс бўйича жаҳон чемпионатида энг юқори натижаларга эришди. Хусусан, 24 ёшли боксчи Миразизбек Мирзахалилов 57 килограмм вазн тоифасида олтин медални қўлга киритди. Юртдошимиз финалда кубалик Лазаро Альварес Эстрадани мағлубиятга учратди. Бу хушхабар барчани қувонтириб юборди.Чемпион туғилиб ўсган хонадонда ҳам катта шодиёна. Яқинларини табриклаш, қувончига шерик бўлиш учун келувчиларнинг адоғи кўринмайди. 

Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев жаҳон чемпионининг хонадонида бўлиб, унинг ота-онаси ва мураббийларини улкан зафар билан табриклади. Уларга миннатдорчилик билдириб, совғалар топширди. Мирзакарим ака ва Шарофат опа бундай эътибордан, ўғлининг қўлга киритган ютуғидан қувончи чексиз.

– Бугун жуда ҳам ҳаяжондаман, – дейди Мирзакарим ака Юнусов.-Ўғлимнинг ютуғи бу халқимизнинг ютуғидир. Буларнинг барчаси юртимизда давлатимиз раҳбари томонидан спортга бўлган эътибор самарасидир.

Қува туманида жаҳон чемпиони тантанали кутиб олинди. Маросимда сўзга чиққанлар мамлакатимизда спортчилар учун яратилган қулай шароитлар Миразизбек каби чемпионларнинг сафи ортиб бораётганида ўз самарасини бераётганини таъкидлашди.

Спортчиларимизнинг жаҳон чемпионатида эришган ютуқлари мамлакатимизда спортни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор юксак самаралар бераётганининг яна бир ёрқин далили сифатида барчамизга чексиз ғурур бағишлайди.

3 588
М. Сулаймонов, ЎзА