Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

28.08.2018 20:11 Чоп этиш версияси

Ўзбек курашининг Осиё майдонларидаги ёрқин ғалабаси

Ўзбек курашининг Осиё майдонларидаги ёрқин ғалабаси
2018 йилнинг 28 август санаси Ўзбекистон спорти тарихига зарҳал ҳарфлар билан битилажак. Боиси шу куни ёзги Осиё ўйинлари тарихида биринчи маротаба ўзбек кураши усталари ҳам ғолиблик учун гиламга чиқишди.

Аслида миллий курашимизни Осиё ўйинлари дастурига киритиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар анча олдин бошланган ва илк бор 2002 йили Жанубий Кореянинг Пусан шаҳрида бўлиб ўтган XIV ёзги Осиё ўйинларида кўргазмали чиқиш намойиш этилганди. Орадан тўрт йил ўтиб, Қатарнинг Доҳа шаҳри мезбонлик қилган XV ёзги Осиё ўйинларида курашимизни мусобақалар дастурига киритиш йўлида муҳим қадамлар ташланди.

Аммо, кейинчалик бу жараён негадир ривожланиш ўрнига бироз сусайди. Эҳтимол бунга ўзбек курашининг ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинлари дастурига киритилгани ҳам ўз таъсирини кўрсатгандир, аммо нима бўлганда ҳам курашнинг ҳар тўрт йилда ўтказиладиган қитъамизнинг нуфузли спорт анжумани дастуридан жой олиш жараёни бироз чўзилиб кетди. Ва ниҳоят, Индонезия давлати мезбонлик қилаётган XVIII ёзги Осиё ўйинларига келиб кураш ҳам расман мусобақалар дастурига киритилди. Бу миллий қадриятимиз бўлмиш курашнинг Олимпия ўйинлари оиласига кириш йўлидаги муҳим қадам, дейиш мумкин.

XVIII ёзги Осиё ўйинлари доирасидаги кураш мусобақаларида сариқ қитъанинг 30га яқин давлатидан жами 174 нафар полвон ғолиблик учун беллашиш истагини билдиришган. Бу кўрсаткич билан ушбу мусобақа анча-мунча спорт турларидан жаҳон чемпионатларини ортда қолдирди. Энг қувонарлиси, кураш гиламида нафақат Марказий Осиё, балки қитъамиз ва жаҳон спортида ҳам ўз ўрнига эга Хитой, Япония, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Индонезия сингари ўнлаб давлатларнинг полвонлари ўзаро бел олишишмоқда. Уларнинг ҳар бир ҳаракатини эса ҳакамлар соф ўзбекона “ҳалол”, “ёнбош”, “чала”, танбеҳ”, “дакки” каби иборалар билан бошқариб боришмоқда. Натижалар ўз йўлига, лекин мана шу мисолнинг ўзиёқ бу миллатимизнинг тарихий ғалабаси эканидан нишона эмасми?! Ахир неча-неча элу элатлар, халқлар, миллатлар, керак бўлса, давлатлар ўз миллий қадриятини жаҳон саҳнасига олиб чиқишни орзу қилишмайди. Аммо бундай бахтга энг муносибларгина мушарраф бўлади.

Осиё ўйинларидаги бугунги ғалабаларимиздан ҳар қанча сармаст бўлсак арзийди. Лекин вақти келиб бошқа юртларнинг полвонлари ҳам худди дзюдо, эркин ва юнон-рум кураши, каратэ ёки таэквондо сингари миллий курашимизни яхши ўзлаштириб олишса ва бизнинг полвонларга халқаро майдонларда имкон беришмаса, дунёнинг энг нуфузли спорт ареналарида “ҳалол”, “ёнбош”, “чала”, танбеҳ”, “дакки” каби соф ўзбекона ибораларнинг баралла янграши ҳар бир ЎЗБЕК фарзандининг қалбида чексиз фахр ва ғурур туйғулари жўш уришига сабаб бўлади. 

Отабек Эшмаматов

6 402