ЎзА Ўзбек

31.08.2016 15:18 Чоп этиш версияси

Навоий вилоятида замонавий сузиш ҳавзаси фойдаланишга топширилди

Мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллиги арафасида Навоий вилояти Қизилтепа туманида замонавий ёпиқ сузиш ҳавзаси фойдаланишга топширилди.

Спорт масканининг очилишига бағишланган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида навқирон авлодни ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялаш, ёшларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиши учун зарур шароит ва имкониятлар яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Навоий вилоятида 2003-2015 йилларда Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан 88 спорт иншооти қурилиб, фойдаланишга топширилган. Ушбу объектларнинг аксарияти умумтаълим мактаблари қошида барпо этилгани ўқувчиларнинг дарсдан бўш вақтида ўзлари қизиққан спорт тури билан шуғулланиши, ҳар томонлама соғлом улғайишига хизмат қилаётир.

Мазкур жамғарма томонидан 2 миллиард 800 миллион сўм маблағ эвазига барпо этилган спорт масканида барча шароит мавжуд.

– Туманимизда яратилаётган бундай қулайликлар туфайли ёшларимиз жисмонан соғлом улғаймоқда, – дейди Қизилтепа туманидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директори С.Юсупов. – Мактабимизда 1 минг 250 га яқин ёш 13 спорт тури билан мунтазам шуғулланмоқда. Мактабимиз тасарруфида фаолият бошлаган ва 200 қатновга мўлжалланган ёпиқ сузиш ҳавзаси янги истеъдодларни кашф этишга хизмат қилади.

Томди туманида ҳам болалар ва ўсмирлар спорт мактаби қурилиб, фойдаланишга топширилди. Қарийб 860 миллион сўм маблағ эвазига қад ростлаган спорт иншоотида волейбол, баскетбол ва гимнастика билан мунтазам шуғулланиш учун барча шароит яратилган.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА
5 176