ЎзА Ўзбек

10.09.2019 Чоп этиш версияси

ЎзА минбари: Каратэчиларимиз Олимпиада ўйинлари йўлланмасидан бебаҳра қолмоқда

ЎзА минбари: Каратэчиларимиз Олимпиада ўйинлари йўлланмасидан бебаҳра қолмоқда
ёхуд А.Муллаев ва Н.Иминов миллиардлаб сўм маблағни қаерга сарфлаган?

Халқимиз Ўзбекистонда каратэ спорт тури оммалашишини Нурхон Нафасов номи билан боғлайди. Бунда тарихий ҳақиқат бор. Чунки 1996 йили Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси ташкил этилишида бевосита Н.Нафасов жонбозлик кўрсатган эди. Шу йилдан эътиборан мамлакатда ёшу қари бу спорт билан шуғулланишни бошлаган, қисқа фурсатда улар сони 70 мингдан ошган эди.

Нафасов 2005 йилда федерация фаолиятидан четлатилди. 12 йиллик танаффусдан сўнг – 2018 йил 16 май куни у яна федерация раҳбарлигига қайтиб келди.

Орадан кўп ўтмай, яъни 2018 йил сентябрь ойида Н.Нафасов федерация раҳбарлигидан яна ноқонуний тарзда четлатилди.

2019 йил 27 август куни Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманлараро суди қарори билан Н.Нафасов яна Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси президенти лавозимига тикланди.

Биз айтмоқчи бўлган асосий гап Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси президенти лавозимида ишлаган А.Муллаев ва ўша вақтда федерация ижрочи директори бўлган Н.Иминовнинг миллиардлаб сўм маблағни ноқонуний ўзлаштиргани ҳақида.

Ўзбекистон каратэ миллий федерациясининг 2015-2018 йиллардаги фаолияти аудиторлик текширувидан ўтказилганда, асосий эътибор Нафасов 4 ой ишлаган даврига қаратилган. Унгача раҳбар бўлган А.Муллаев ва Н.Иминов даврида талон-тарож қилинган 4 миллиард 600 миллион сўмга эса ҳеч қандай муносабат билдирилмаган.

Бу ҳақда тегишли жойларга мурожаат қилинганига қарамай савол очиқлигича қолмоқда.

Биргина мисол, Ўзбекистон каратэ миллий федерациясининг баёноти бўйича 2017 йилда федерацияга 400 миллион сўм кирим қилингани кўрсатилган. Лекин Вазирлар Маҳкамасининг баённомасига асосан ўша йили федерацияга 2 миллиард сўмга яқин маблағ ўтказиб берилган. Аудиторлик текшириш жараёнида бу маблағ ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Яъни, 2 миллиардга яқин маблағнинг қаерга, қандай мақсадларда сарфлангани кўрсатилмаган.

Бундан ташқари федерациянинг қарзлари ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаган. Ваҳоланки ҳозирда федерациянинг йирик миқдорда қарзлари мавжуд. Бу қарз қандай пайдо бўлган, деган савол туғилади. Айтиш мумкинки, спортчиларнинг мусобақаларга қатнашиши учун билетлар фақат қарз ҳисобига олинган. Қизиғи ўша вақтда федерациянинг ҳисоб рақамида 700 миллион сўмдан ортиқ маблағ бўлган. Бу ҳолат маблағларнинг нотўғри ишлатилганини кўрсатади.

Хусусан, федерация маблағлари қонун талабларига зид ҳолда мураббийлар А.Муҳамедов, Д.Бакирова, Ў.Бекпўлатовларнинг шахсий банк пластик карточкаларига 20.10.2017 йилда 235 миллион сўм, 28.11.2017 йилда 77 миллион 870 минг сўм, 12.02.2018 йилда 136 миллион сўм, 28.02.2018 йилда 303 миллион сўм маблағ ўтказиб берилган. Шу тариқа йирик миқдордаги маблағ ноқонуний ўзлаштириб юборилган.

Шунингдек, А.Муллаев раҳбарлиги даврида бюджетдан келиб тушган ва ҳомийлар маблағлари қаерга йўналтирилгани ҳақида ҳам маълумотлар мавжуд эмас.

Энг ачинарлиси А.Муллаев раҳбарлик қилган кейинги 1 йилга яқин вақт мобайнида каратэчиларимиз Олимпиада ўйинларига йўлланма берадиган 8 та мусобақадан медалсиз, бирон натижасисиз қайтиб келган.

Биз бу ҳақда, яъни Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси президенти лавозимида ишлаган А.Муллаев ва ўша вақтда федерация ижрочи директори бўлган Н.Иминов томонидан сарфланган маблағлар йўналтирилганини текшириш ҳақида тегишли ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилишимизга қарамасдан, ноқонуний ўзлаштирилган маблағлар учун жавобгар шахсларга нисбатан ҳеч қандай чора кўрилмади ёки жиноий иш қўзғатилмасдан келмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 4 сентябрь куни жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, халқаро мусобақаларга тайёргарликни кучайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида спорт йўналишидаги ишларга танқидий баҳо берилди. Федерациялар фаолиятидаги камчиликлар ҳақида куюнчаклик билан гапирилди.

Бундан барчамиз тўғри хулоса чиқариб, виждонан ишлашимиз кераклиги аён ҳақиқат. Шу маънода биз кўтариб чиқаётган масалаларга тегишли ҳуқуқ-тартибот органлари жиддий эътибор қаратишига умид қиламиз. Ва бу келгусида каратэчиларимизнинг халқаро мусобақаларда, Олимпиада ўйинларида яхши натижаларга эришишига хизмат қилади, деган ишончдамиз.

Алишер Маматов

ЭСЛАТМА: Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги www.uza.uz сайтида “ЎзА минбари” рукни ташкил этилган. Агентликка келаётган мурожаатлар, ариза ва шикоятлар, фикр-мулоҳазалар, билдирилаётган таклифлар асил ҳолича, жузъий таҳрирлар билан эълон қилинади. Таҳририят фикри муаллиф нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин. "ЎзА минбари"да бериладиган материалларнинг холислиги ва уларда келтирилган маълумотларга муаллифнинг ўзи жавоб беради.

Сайтимизни кузатиб боринг ва сизда фикр-мулоҳазалар пайдо бўлса қуйидаги манзилга йўлланг:

Телеграм: @UzA_pochta
Email: pochta@uza.uz, uzauz@yandex.ru
Телефон: (71) 233-42-84, (71) 233-21-37.

10 974
ЎзА