ЎзА Ўзбек

28.01.2019 Чоп этиш версияси

Ўз уйингда деворлар ҳам суяйди

Ўз уйингда деворлар ҳам суяйди

Ёхуд Дания гандбол бўйича жаҳон чемпиони!

Кеча гандбол бўйича эркаклар ўртасида навбатдаги жаҳон чемпионати якунига етди.

Даниянинг иккита ва Германиянинг тўртта шаҳри мезбонлик қилган ушбу мусобақада сайёрамизнинг 24та энг кучли терма жамоаси иштирок этди.

Жаҳон чемпионатида Осиё қитъаси шарафини Қатар, Баҳрайн, Саудия Арабистони, Бирлашган Корея ҳамда имтиёзли равишда Япония терма жамоалари ҳимоя қилишди. Афсуски қитъадошларимиз мундиалда муносиб иштирок этишолмади, энг яхши кўрсаткич – Қатар терма жамоаси томонидан қайд этилган 13-ўрин. Аммо улар бу ўрин учун курашда кимсан Россияни мағлуб этишгани эътиборга молик. Жаҳон чемпионатини Баҳрайн 20-ўринда якунлаган бўлса, Бирлашган Корея 21-ўрин, Саудия Арабистони 22-ўрин ва ниҳоят Япония термаси 24-ўрин билан чекланди.

Гарчи мусобақа жаҳон чемпионати мақомига эга бўлса-да, у гуё Европа биринчилигига ўхшаб кетди. Боиси, ярим финалга етиб келган жамоаларнинг барчаси кўҳна қитъа вакиллари эди. Умуман, кучли саккизликдан Европага дахли бўлмаган биргина жамоа ўрин олди – Миср. Эҳтимол ташкилотчилар кейинги жаҳон чемпионати айнан Мисрда ўтишини инобатга олган ҳолда уларга ён босишгандир.

Ярим финалда мусобақа мезбонларидан бири Дания терма жамоаси амалдаги чемпион Францияни 38-30 ҳисобида мағлуб этди. Иккинчи жуфтликда эса яна бир мезбон Германия ўз майдонида Норвегияга имкониятни бой берди. Шу тариқа финалда Скандинавия мамлакатлари вакиллари ўзаро куч синашадиган бўлишди.

Дарвоқе, Норвегия сўнгги жаҳон чемпионатида ҳам финалга етиб борган, бироқ ўшанда ҳам улар мезбонларга қарши баҳс юритишган, якунда французларга 33-26 ҳисобида ютқазиб қўйишган эди. Бу сафар ҳам улар ҳал қилувчи баҳсда мезбонларга рўбарў келишди ва афсуски яна мағлубият аламини тортишди: Дания – Норвегия – 31:22. Эҳтимол норвеглар икки йилдан сўнг Мисрда ўтказиладиган жаҳон чемпионатида ғолиб чиқишар, ўшанда ҳам Миср финалга етиб бормаса.

Жаҳон чемпионатида 3-ўрин Францияга насиб этди. Бронза медали учун кечган баҳсда улар Германиядан 26-25 ҳисобида устун келишди. Дания эса ўз тарихида биринчи марта олтин медалга сазовор бўлди. Шунга айтсалар керакда, ўз уйингда деворлар ҳам суяйди, деб.

4 129
Отабек Эшмаматов, ЎзА