ЎзА Ўзбек

28.01.2019 11:10 Чоп этиш версияси

“Ювентус” ютқазишни билмайди...ми?

“Ювентус” ютқазишни билмайди...ми?

Бугун ўтказиладиган “Эмполи” – “Женоа” учрашуви билан Италия А сериясида 21-тур ўйинлари якунланади. Аммо, бу учрашув турнир жадвалига жиддий таъсир қилмайди. Турнинг асосий ўйинлари эса дам олиш кунлари ўтказилди.

Италиянинг энг совриндор жамоаларидан бўлмиш “Милан” аста-секин ўзининг аввалги мавқеини тиклашга интилмоқда. Бироқ, ҳозирча “қизил-қоралар” учун бу ишни уддалаш ҳийла мушкул кечаяпти. 21-турда “россонерилар” ўз майдонида “Наполи”ни қабул қилишди. Ўйинда ҳаммаси мужассамлашган эди: босим, эҳтирос, бетакрор финтлар, тўп назорати, вақти-вақти билан Италия футболига хос бўлмаган юқори тезлик... Фақат турнинг марказий учрашувига гол етишмади – 0:0. Карло Анчелотти “Наполи” бошқарувини қўлига олгач ўзи учун қадрдон “Сан-Сиро”да ғалаба қозонолмаяпти. Аввалига “Интер” бу стадионда неаполликларни мағлуб этган бўлса, бу сафар “Милан” ҳам Карло отани сийлашни истамади. Дуранг эса ҳар икки жамоадан кўра уларнинг рақобатчиларига қўл келди.

cdd6dc9a3cacc1eb7a309319173da110.JPG

“Милан”нинг очко йўқотишидан унумли фойдаланишга интилган “Рома” “Аталанта”га қарши ўйиннинг 40-дақиқасига келиб 0-3 ҳисобида олдинга чиқиб олганди. Бироқ шундан сўнг “бўрилар” хотиржамликка берилишди ва бунинг учун муносиб жазоланишди. Ўйин охиригача майдон эгалари уч тўп фарқини йўқотишди ва “Рома”нинг кучли тўртликка қўшилишига имкон беришмади.

Турнинг марказий ўйинларидан яна бири Римдаги “Олимпико” стадионида бўлиб ўтди. “Лацио” ўз майдонида чемпионат пешқадами ва қаторасига етти йилдан бери чемпионликни қўлдан бермай келаётган “Ювентус”ни қабул қилди. Римликлар бу ўйинга жиддий ҳозирлик кўришган эди. Қарийб бир ярим бўлим давомида улар “кекса синьора”га ҳеч қандай имконият беришмади. Сўнгги 14 йил давомида “Юве” биринчи марта дастлабки 45 дақиқаликда рақиб дарвозаси томон биронта ҳам зарба беролмади.

1854eabb-db5d-4736-9b5e-b57e8b36bca8.jpg

Иккинчи бўлимни амалдаги чемпион ишончлироқ бошлади. Аммо ўйинда ҳисобни очиш барибир мезбонларга насиб этди. Жарима майдонига узатилган тўпни қайтариш чоғида Эмре Жан бехосдан ўз дарвозасини ишғол этиб қўйди. Голдан кейин туринликлар ўзига келишди. Аввалига Жоау Канселу ҳисобни тенглаштирган бўлса, ўйин охирларида айнан шу футболчига нисбатан ишлатилган қўполлик учун 11 метрлик жарима тўпи белгиланди. Уни Роналду аниқ бажариб, “Ювентус”га қийин, аммо муҳим ғалабани тақдим этди. Шу тариқа Массимилиано Аллегри шогирдлари А сериядаги мағлубиятсиз одимини давом эттиришди.

Чемпионатда “кекса синьора” 59 очко билан пешқадамлик қилаётган бўлса, “Наполи” энди улардан 11 очкога ортда қолмоқда. 40 очко жамғарган “Интер” кучли учликни якунлаб беради. “Милан” 35 очко билан 4-поғонада қолган бўлса, “Рома” улардан бир очко кам жамғарган ҳолда 5-ўринни эгаллаб турибди.

Отабек Эшмаматов, ЎзА
3 659