ЎзА Ўзбек

21.02.2019 Чоп этиш версияси

“Ювентус” Мадридда нокдаунга учради “кекса синьора” Туринда вазиятни ўнглай оладими?

“Ювентус” Мадридда нокдаунга учради “кекса синьора” Туринда вазиятни ўнглай оладими?

Кеча тунда УЕФА Чемпионлар лигасининг 1/8 финал босқич дастлабки ўйинлари якунига етди. Мадриддаги “Ванда Метрополитано” стадионида майдон эгалари “Атлетико” жамоаси Туриннинг “Ювентус” клубини қабул қилиб, ишончли ғалабага эришди.

Учрашув кескин ва муросасиз курашлар остида ўтиб, мухлисларни ҳаяжон остида ушлаб турди. Аввалига меҳмонларнинг ҳужумлари анча хавфли кўриниш олди. 9-дақиқада Роналду чамаси 25 метрлар масофадан жарима зарбасини дарвоза томон йўллади, аммо Облак бу вазиятда ишончли ҳаракат қилди. 12-дақиқага келиб эса Пьяничнинг бурчакдан ўйинга киритган тўпини Бонуччи боши билан дарвозага йўналтиради, бироқ у мўлжалдан бироз адашди.

Шундан кейин ташаббус мезбонлар томонига ўтди ва энди Диего Симеоне шогирдлари томонидан уюштирилаётган ҳужумлар хавфли тус ола бошлади. Бошланишига Томас узоқдан дарвозани ишғол этишга уриниб кўрди. Бироздан кейин Гризманн жарима зарбасидан дарвозани аниқ нишонга ололмади.

2-таймда “матрасчилар” ҳужумкорликни янада оширди. 50-дақиқада Диего Коста жуда қулай вазиятдан дарвозани ишғол этолмади. Орадан кўп ўтмай Гризманнинг парашют услубида йўллаган зарбаси дарвоза тўсинига тегиб қайтди. 70-дақиқада Альваро Мората собиқ жамоаси дарвозасини ишғол этишга муваффақ бўлганди. Аммо у тўп учун курашда ҳимоячини бироз туртиб юборгани боис гол инобатга олинмади.

Бироқ, бу кеча мезбонлар барибир Шенсний дарвозасига йўл топишни уддалай олишди. Аввалига Хименес рақиб жарима майдони ичидаги палапартишликдан самарали фойдаланди – 1:0. Бироздан кейин Диего Годин ҳам ўз сўзини айтди. Шу тариқа, “Атлетико” жавоб ўйини олдидан сезиларли устунликка эришди.

“Атлетико” (Испания) – “Ювентус” (Италия) – 2:0

Голлар: Хименес (78), Годин (83).

2 469
Отабек Эшмаматов, ЎзА​​