ЎзА Ўзбек

09.01.2020 Чоп этиш версияси

Ютуқлар улкан, бироқ муаммолар ҳам бор

Ютуқлар улкан, бироқ муаммолар ҳам бор

Сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳоли ўртасида жисмоний тарбия ва спортни кенг оммалаштириш, ёшларнинг олимпия спорт турлари, жумладан, регби билан шуғулланиши учун зарур шароитлар ва инфратузилма яратиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Регби юртимизда жадал ривожланаётган спорт турлари сирасига киради. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон регби федерацияси ташкил этилиб, унинг ҳудудий бўлинмалари фаолият юритмоқда. Регби бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё минтақасидаги энг кучли саккизта жамоадан бири ҳисобланади. У турли нуфузли халқаро мусобақаларда иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда.

Афсуски, мамлакатимизда ушбу спорт тури учун етарли даражадаги моддий-техник база ва инфратузилма, тегишли мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича тизим мавжуд эмаслиги мазкур спорт турини янада ривожлантириш ва юртимиз терма жамоасининг нуфузли халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этишига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 29 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида регби спорт турини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида регбини янада ривожлантириш, уни кенг аҳоли қатламлари ўртасида фаол тарғиб этиш ва оммалаштириш, ўқув-машқ жараёнларининг юқори сифатини таъминлаш, регбичилар, мураббийлар, судьялар маҳорати ва малакасини доимий ошириб бориш учун мақбул шароитлар яратиш, регби бўйича спортчиларни тайёрлаш учун моддий-техник базани мустаҳкамлаш мақсади назарда тутилган.

ЎзА мухбири мазкур қарор ижросини таъминлашга доир вазифалар ва регби спорт турини янада ривожлатириш тўғрисида Ўзбекистон регби федерациясининг ижрочи директори Рустам НАБИЕВ билан суҳбатлашди.

Ўзбекистон регби федерацияси қачон ташкил этилди? Бугунги кунда мамлакатимизда нечта регби жамоаси бор?

– Ўзбекистонда регби спорт тури 1969 йилда пайдо бўлган. Тошкент политехника институти ҳузурида «Политехник» номли илк жамоа рўйхатга олинган. Аста-секин 1970-1975 йилларда «Локомотив», «Старт», «Спартак», «Қурувчи» (Тошкент), «Нефтчи», «Машъал» (Фарғона), «Шават» (Урганч), сингари бошқа жамоалар ҳам пайдо бўлди.

Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, 2001 йил регби спорт тури учун қайта туғилиш даври бўлди. Регби бўйича Тошкент шаҳар федерацияси ташкил этилди. Ўша пайтда Жиззах, Янгиер, Тўрақўрғон, Чирчиқ ва Самарқандда ҳам жамоалар тузилди. 2006 йилда Ўзбекистон Адлия вазирлигида Ўзбекистон регби федерациясининг рўйхатдан ўтказилиши муҳим воқеалардан бири бўлди.

2002 йилдан буён регби бўйича аёллар терма жамоаси Осиё чемпионатларида мунтазам иштирок этмоқда. 2006 йилда Ўзбекистон аёллар жамоалари ўртасида Осиё чемпионатини ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритди. Унда юртимиз терма жамоаси вакиллари қўшимча вақтда Гонконгнинг кучли жамоаси билан бронза медали учун ўтган курашда мағлуб бўлиб, тўртинчи ўринни қўлга киритди. 2008 йилда қизларимиз Осиё чемпионатида бронза медалини қўлга киритди, ўша йили регби бўйича эркаклар терма жамоаси Осиё чемпионатида илк бор иштирок этди.

2006 йилда Ўзбекистон регби федерацияси Осиё регби иттифоқи (Asia Rugby)нинг тенг ҳуқуқли аъзосига айланди. 2014 йил 14 майдан бошлаб мамлакатимиз Халқаро регби иттифоқи (World Rugby)нинг тенг ҳуқуқли аъзоси саналади.

Ўзбекистон регби федерацияси ташкил этилганидан буён регби-7 бўйича эркаклар ва аёллар жамоалари ўртасида мамлакат чемпионатлари ўтказиб келинади. 2011 йилдан бошлаб эса эркаклар жамоалари ўртасида регби-15 бўйича Ўзбекистоннинг мунтазам чемпионати қайта тикланди​.

Мамлакатимизда ушбу спорт турининг жадал ривожланиши 2014 йилдан бошланди. Ўша йили Инчеонда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида олимпия аёллар жамоаси 7-чи ўринни эгаллади. Бундан ташқари, 2014 йил регби ҳарбий хизматчилар ўртасида қайта тикланган спорт тури сифатида эсда қолди. Ўшандан бўён Мудофаа ва Қуролли Кучлар вазирликлари тузилмалари энг мураккаб спорт тури –регби-15 бўйича мамлакат чемпионатида мунтазам иштирок этиб келмоқда.

Ўзбекистонда ҳар йили эркаклар ва аёллар жамоалари ўртасида регби-7 бўйича чемпионатлар, мамлакат кубоги, 20 ёшгача бўлган ёшлар (эркаклар ва аёллар), 18 ёшгача бўлган ўсмирлар, кадетлар ва 16 ёшгача бўлган қизлар ўртасида чемпионатлар ўтказилади. Болалар ўртасидаги турли фестиваллар ҳам шулар жумласидандир.

2019 йилда регби-7 (олимпия тури) бўйича Ўзбекистон чемпионатида 13 та эркак ва 7 та аёллар жамоалари иштирок этди.

Эркаклар мусобақаларида, айниқса, Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон, Фарғона, Навоий ва Тошкент вилояти жамоалари етакчилик қилмоқда. Аёллар ўртасидаги мусобақаларда Тошкент, Қорақалпоғистон, Фарғона ва Наманган вилоятлари жамоалари кучлилар сирасига киради.

2019 йилда регби-15 бўйича Қуролли Кучлар очиқ чемпионатида 12 та эркаклар жамоалари, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати жамоалари қатнашди.

– Мамлакатимизда регби спорт турини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида сўзлаб берсангиз?

– 2019 йилда давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида регби спорт турини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди ва унга мувофиқ 2019-2022 йилларда республикада регбини янада комплекс ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Мазкур қарор ижроси доирасида Регби федерацияси ва манфаатдор вазирлик ва идоралар томонидан юртимизда ушбу спорт турини оммалаштириш ва ривожлантириш бўйича “йўл хариталари” ишлаб чиқилиб, қабул қилинди.

Ўтган вақт давомида Регби федерацияси хорижий мутахассисларни жалб этган ҳолда мураббийлар ва судьялар корпуси учун ўқув курсларини ташкил этди, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати билан ҳамкорликда Қуролли Кучлар очиқ чемпионатини ўтказди. Мазкур чемпионат куч тузилмаларида мазкур спорт турини янада ривожлантиришга муҳим туртки бўлди.

Бундан ташқари, Федерация томонидан спорт мактабларидаги бўлинмалар ва гуруҳларнинг жорий ҳолати бўйича инвентаризация ўтказилди. Уларнинг қаторига ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаблари ҳамда болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида очилган кўп сонли янги бўлинмалар қўшилди. Шу билан бирга умумтаълим ўқув муассасаларида регби секцияларини очиш ишлари олиб борилмоқда.

Олий ўқув юртларида «Талаба» спорт жамияти линияси бўйича эркаклар ва аёллар жамоалари ва клублари ташкил этилмоқда, улар мамлакатимиз ва олий таълим муассасалари ўртасидаги чемпионатларда иштирок этади.

Вилоят федерацияларининг фаолияти кучайтирилди, янги ҳудудий федерациялар очилди.

Вилоятларда регбига жалб қилишга қаратилган GIR халқаро дастури бўйича оммавий тадбирлар ўтказилмоқда. Мактаб ўқувчилари ва олий таълим талабалари учун регби машғулотларига доир ўқув қўлланмалари яратилмоқда.

Мазкур спорт тури билан шуғулланиш учун спорт базаси бўлиши лозим. Ҳозирги кунда барча вилоятлар, жумладан, Тошкент шаҳрида регби машғулотлари учун спорт базаларини мустаҳкамлаш юзасидан ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги Чорвоқ қишлоғида регби бўйича спорт базаси қурилишини алоҳида таъкидлаш жоиз.

– Соҳада мутахассисларни тайёрлаш жараёни қандай кечмоқда?

– 2019 йил декабрь ойига қадар мураббий кадрларни Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Сертификатлаштириш ва компьютерлаштириш маркази орқали аттестациядан ўтказишнинг икки босқичли тизими мавжуд эди. Унга мувофиқ, 70 нафар мураббий мураббийлик фаолияти билан шуғулланиш учун лицензия олди.

2020 йил 1 январдан бошлаб мураббийлик фаолияти билан шуғулланиш учун лицензия бериш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказига (шартнома асосда) берилди. Ўқиш муддати 3 ойдан 12 ойгача. Ўқитиш кундузги шаклда олиб борилади.

– Миллий жамоамизга регбичиларни саралаб олиш қандай амалга оширилмоқда?

– Терма жамоа таркибига саралаш республика миқёсидаги мусобақалар, аниқроғи, Ўзбекистон чемпионати (I, II, III турлари), регби-7 бўйича эркаклар ва аёллар жамоалари ўртасидаги кубок, 20 ёшгача бўлган эркаклар ва аёллар, регби-7 бўйича 18 ва 16 ёшгача бўлган йигитлар ва қизлар жамоалари ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатлари, регби-15 бўйича эркаклар жамоалари ўртасидаги мамлакат чемпионати натижалари асосида амалга оширилади.

– Регби бўйича халқаро мусобақаларда миллий терма жамоамиз қандай ютуқларни қўлга киритмоқда?

– Регбичиларимиз 2008 йилдан буён халқаро мусобақаларда иштирок этиб келмоқда. Хусусан, улар регби-7 бўйича эркаклар ва аёллар терма жамоалари, регби-7 бўйича 20 ва 18 ёшгача бўлган ёшлар, эркаклар ва аёллар терма жамоалари, регби-15 бўйича эркаклар терма жамоаларидир.

2008 йилда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида регби-7 бўйича аёллар терма жамоаси 3-ўринни қўлга киритганини мисол тариқасида кўрсатиш мумкин. Бундан ташқари, спортчиларимиз бошқа кўплаб ютуқларни ҳам қўлга киритиб келмоқда.

Ҳозирги кунда барча жамоалар Осиё минтақасидаги рейтингда 6-8-ўринни эгаллаб турибди.

– Терма жамоанинг моддий-техник базасини яхшилаш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда?

– Регбида асосий спорт жиҳози – бу коптоклар ва спорт формаси ҳисобланади. Улар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилади, хориждан ҳам келтирилади. Таъминот мутлақо молиялаштиришга боғлиқ. 2019 йилгача Регби федерациясини молиялаштириш қолдиқ тамойили асосида амалга оширилган. 2020 йилда давлатимиз раҳбарининг қароридан сўнг молиялаштириш асносида нафақат терма жамоалар, балки ҳудудий федерациялар ҳам зарур спорт жиҳозлари билан таъминланиши лозим.

– Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ва Миллий олимпия қўмитаси томонидан Федерацияга қандай ёрдам кўрсатилмоқда?

– Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида регби спорт турини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинганидан сўнг федерациямизга ҳар томонлама эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раҳбарияти мамлакатимизда регбини ривожлантириш масалалари билан қизиқмоқда ва долзарб муаммоларни ҳал этишга кўмаклашмоқда. Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳам федерациямизга катта эътибор қаратмоқда.


1 659
ЎзА мухбири Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ суҳбатлашди.