ЎзА Ўзбек

17.03.2020 Чоп этиш версияси

Юрт шарафини юксалтиришни ният қилган қиз

Юрт шарафини юксалтиришни ният қилган қиз

Болалар спорти

Пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги 273-умумтаълим мактабида бадиий гимнастика бўйича мусобақа ўтказилди.

Юртимизнинг барча ҳудудларидан 500 нафар жажжи қизлар қатнашган турнирда 8 ёшли қорақалпоғистонлик Асел Жеткерова олтин медални қўлга киритди.

Мамлакатимизнинг турли ҳудудларида айни пайтда болаларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиши учун кенг имконият яратилмоқда. Натижада спортга меҳр қўйган ёш авлод соғлом, руҳан тетик, иродаси мустаҳкам, келажакда ҳаётнинг турли синовларини енгиб ўтишга қодир бўлиб вояга етмоқда.

Чекка қишлоқларда қад ростлаган спорт иншоотларида болалар, айниқса, қизларнинг спорт билан шуғулланиши нафақат уларнинг саломатлиги, айни пайтда қадди-қомати тўғри шаклланиши, маънавий камолотида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Саккиз ёшли Асел Жеткерова ҳам Қорақалпоғистоннинг Беруний туманида жойлашган Ёшлар иттифоқининг гимнастика залида уч йилдан буён Манзура Сапарбоева қўл остида шуғулланиб келади.

– Қизим беш ёшида бадиий гимнастика бўйича Тошкентда ўтаётган жаҳон кубоги мусобақасини телевизорда кўриб, гимнастикачилар бажарган композицияларга, нозик ҳаракатлар ва чиройли қадам ташлашга ҳавас билан қарар, кўрган машқларини уйда ўзича такрорлаб юрарди, – дейди Аселнинг онаси Жанар Сапарова. – Дастлаб унинг машқларига эътибор бермадик. Бироз вақт ўтгач, у гимнастикачи бўлмоқчи эканини айтди. Уни дарҳол Беруний туманидаги бадиий гимнастика тўгарагига олиб бордим. Тўгаракка қатнай бошлаганидан кейин саломатлиги сезиларли даражада яхшиланди. Мураббийлари унинг кичкина бўлишига қарамай ўз устида тинимсиз ишлаётганини кўриб, у халқаро турнирларда юртимиз шарафини юксалтиради деган эди. Умид қиламанки, устозларининг бу ишончи албатта амалга ошади. Зеро, қизимнинг айни ёшида эришаётган натижалари шунга умид уйғотмоқда.

Фарзандининг соғлом бўлиб улғайиши ҳар бир ота-онанинг орзуси. Бу жараёнда болаларни ёшлигидан спортга ошно этиб тарбиялаш улар учун муҳим аҳамиятга эга. Бадиий гимнастикада жисмоний тарбия, спорт, мусиқа каби фарзанд тарбиясида муҳим аҳамият касб этадиган воситалар мужассам. Ушбу спорт тури қизларни эпчил ва нозик ҳаракат қилишга, қатъий кун тартибига, овқатланиш маданиятига ўргатади. Ўзига бўлган ишончни мустаҳкамлайди.

Мамлакатимизда болалар спорти, айниқса, спортнинг қизларга мос турларини жадал ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида бадиий гимнастика тобора оммалашмоқда. Бу имкониятдан самарали фойдаланиб, ўз малака ва маҳоратини ошираётган ёшлар турли нуфузли мусобақаларда юқори натижаларга эришмоқда.

Асел Жеткерова Қорақалпоғистонда ўтадиган барча мусобақаларда доим шоҳсупадан жой олмоқда. Мана бугун эса Тошкентдаги мусобақада ҳеч кимга имкон қолдирмади. Насиб этса, у келажакда Осиё ва жаҳон чемпионатлари, Олимпия ўйинларида юртимиз байроғини кўкларга кўтаради, албатта.

– Тошкентда ўтадиган халқаро турнирларни кўрганимда, улар каби ғолиб бўлишни ният қилганман, – дейди Асел. – Мана бугун Тошкентда шоҳсупага кўтарилдим. Келажакдаги орзуим чет мамлакатларда ўтадиган мусобақаларда ҳам ғолиб бўлишдир. Бу учун қўлимдан келганча ҳаракат қиламан.

Дарҳақиқат, бугун Асел Жеткерова каби кўзи ёниб турган, ғалаба қозониб, юрт шарафини болаликдан кўтаришга интилаётган навқирон авлод вояга етмоқда. Уларнинг бу орзу-умидларини рўёбга чиқаришда мамлакатимизда барча имконият етарли.

3 865
Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ, ЎзА