Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

28.08.2018 20:07 Чоп этиш версияси

Юксак натижалар билан

Юксак натижалар билан Осиё ўйинларида иштирок этган бир гуруҳ спортчилар юртимизга қайтди

Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида XVIII ёзги Осиё ўйинлари ўтказилмоқда.

Мазкур мусобақанинг спорт гимнастикаси, слаломда эшкак эшиш, ушу, сузиш, таэквондо (WTF) бўйича ўтган баҳсларда мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган спортчилар юртимизга ёруғ юз билан қайтиб келди.

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида спортчиларимизни давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ота-оналар, спорт мухлислари кутиб олди.

4 (1).jpg

Мамлакатимизда ёш авлоднинг жисмонан ва маънан етук инсонлар бўлиб улғайиши, спорт билан мунтазам шуғулланиши, ўз истеъдод ва салоҳиятини намоён этиши учун яратилган кенг имкониятлар самарасида спортчиларимиз нуфузли мусобақаларда ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой эгаллаб келмоқда.

Бунинг мисолини спортчиларимизнинг XVIII ёзги Осиё ўйинларида қайд этаётган натижаларидан ҳам кўришимиз мумкин.

Жумладан, таэквондо (WTF) бўйича ўтган 80 килограммгача вазн тоифасидаги беллашувларда Никита Рафалович барча рақибларини енгиб, Осиё ўйинлари ғолибига айланди.

Шунингдек, таэквондочиларимиздан Дмитрий Шокин ва Мадинабону Маннопова кумуш, Нигора Турсунқулова ҳамда Светлана Осипова бронза медалларига сазовор бўлди.

10 (2).jpg

Ушу беллашувларида Дарья Латишева кумуш медални қўлга киритди. Спорт гимнастикасининг таяниб сакраш мусобақасида Оксана Чусовитина делегациямизга навбатдаги кумуш медални келтирди.

Спортчиларимизнинг бу каби юксак натижаларни қўлга киритишида давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 9 мартдаги Ўзбекистон спортчиларини 2020 йил Токио шаҳрида (Япония) бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисидаги қарори муҳим дастуриламал бўлмоқда.

– Осиё ўйинларида олтин медални қўлга киритиб, Президентимиз ва халқимизнинг ишончини оқлаганимдан хурсандман, – дейди XVIII ёзги Осиё ўйинларининг олтин медаль соҳиби Никита Рафалович. – Мусобақада ҳар бир жанг мен учун қийин ўтди. Бироқ мураббийим Акмал Эргашевнинг маслаҳатлари ва ғалабага бўлган интилишим ушбу қаршиликларни енгиб ўтишда менга ёрдам берди. Мақсадим Олимпия ўйинларида ҳам шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилишдир.

Ж.Тошхўжаев, Муҳаммад Амин (сурат) ЎзА
3 368