ЎзА Ўзбек

18.10.2012 17:59 Чоп этиш версияси

Юксак эътибор ва ғамхўрлик ифодаси

Бу йил ўзбек футболи учун ғалабаларга бой бўлмоқда: Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Осиё чемпиони, мамлакатимиз ногиронлар терма жамоаси кетма-кет учинчи марта жаҳон чемпиони унвонини қўлга киритди.

Пойтахтимизда ушбу терма жамоалар аъзоларини шарафлаш маросими бўлиб ўтди.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида футболни ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор самарасида мамлакатимизда моҳир футболчиларнинг янги авлоди тарбияланмоқда. Болалар ва ўсмирлар футбол мактаблари, ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар, олимпия захиралари коллежлари, футбол мактаблари ва академиялари фаолиятининг замон талабларига мос йўлга қўйилгани бунда муҳим омил бўлаётир.

Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси 2010 йили Тошкентда ўтган футбол бўйича Осиё чемпионатида иккинчи ўринни эгаллаб, жаҳон чемпионатига йўлланма олган, Мексика майдонларидаги ажойиб ўйинлари билан барчамизни қувонтирган эди.

Бу йил Эронда ўтказилган Осиё чемпионатининг финалида Япония вакилларини 4:2 ҳисобида енгган Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси 2013 йили жаҳон биринчилигида энди Осиё чемпиони сифатида тўп сурадиган бўлди.

2013 йилда Бирлашган Араб Амирликларида ташкил этиладиган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига йўлланма берувчи ягона турнир – Осиё чемпионатида ишончли ғалабалари билан минглаб мухлису мутахассислар эътиборини қозонган ёш футболчиларимизга пул мукофоти ва эсдалик совғалари топширилди.

– Нуфузли халқаро мусобақаларда Ватан шарафини ҳимоя қилиш ҳар бир спортчи учун катта бахт ва менга ҳам шундай қувонч насиб этганидан жуда хурсандман, – дейди футбол бўйича Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси сардори Отабек Шукуров. – Келгуси мусобақаларда ҳам Ватанимиз байроғини янада сарбаланд этишга ҳаракат қиламиз.

2007 йили Туркияда ва 2010 йили Аргентинада ўтган жаҳон чемпионатларида ғолиб бўлган Ўзбекистон ногиронлар терма жамоаси бу йил Россиянинг Калининград шаҳри мезбонлик қилган жаҳон чемпионатида ҳам юксак ирода, жасорат ва матонат намунасини кўрсатиб, чемпионлик унвонини муносиб ҳимоя қилди.

Президентимизнинг фармонига мувофиқ футбол бўйича Ўзбекистон ногиронлар терма жамоаси аъзоларининг бир гуруҳи давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланди.

Маросимда футбол бўйича Ўзбекистон ногиронлар терма жамоаси мураббийи Мавзурхўжа Умархўжаевга “Дўстлик” ордени, терма жамоа аъзолари – Нуриддин Турсунов ва Ҳакимжон Ҳасановга “Жасорат” медали, терма жамоанинг барча аъзоларига пул мукофоти топширилди.

Спортчилар мамлакатимизда спортни ривожлантириш ва ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида кўрсатаётган доимий эътибори учун Президентимизга миннатдорлик изҳор этиб, бундай ғамхўрликка жавобан келгуси мусобақаларда Ватанимиз байроғини янада юқори кўтаришга интилишини алоҳида таъкидладилар.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Икромов иштирок этди. 


ЎзА, Байрам Айтмуродов, Зоҳир Тошхўжаев, Сарвар Ўрмонов (сурат)
7 650