Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.09.2018 16:46 Чоп этиш версияси

Ўйин олдидан матбуот анжумани ўтказилди

11 сентябрь куни пойтахтимиздаги "Миллий" стадионида Ўзбекистон ва Эрон терма жамоалари ўртасида ўртоқлик учрашуви бўлиб ўтади.

Мазкур ўйин олдидан матбуот анжумани ташкил этилди. Анжуманда терма жамоамиз бош мураббийи Эктор Купер ва Эрон терма жамоаси бош мураббийи Карлуш Кейруш иштирок этди.

Анжуманда ҳар иккала терма жамоа мураббийлари бўлажак ўйин олдидан жамоадаги ўзгаришлар, мазкур учрашувга кўрилган тайёргарлик ҳақида тўхталиб ўтди.

– Биз эртага яхши шаклланган тажрибали футболчилардан ташкил топган жамоага қарши тўп сурамиз, – дейди Эрон терма жамоаси бош мураббийи Карлуш Кейруш. – Бу ўйин бизга бўлажак расмий мусобақалар олдидан катта тажриба бўлади, деб ўйлайман. Ўзбекистон терма жамоасига Эктор Купер келгани жуда яхши иш бўлди. Ишонаманки, у кучли жамоа шакллантириб, юксак марраларни забт этади. Эртанги ўйинда ёш футболчиларимизга ҳам имконият берамиз.

– Эронга қарши ўйин мен ва жамоамиз учун катта синов бўлади, – дейди Эктор Купер. – Эртага янги футболчилар ҳам майдонга тушади. Эрон терма жамоаси жуда ҳам жиддий жамоа. Карлуш Кейруш термани яхши шакллантирган. Мен эртага футболчилардан жамоавий ўйинни талаб қиламан. Шунингдек, биз ҳимояга яна бир бор эътибор қаратамиз. Ҳимоя хато қилмаса ҳар қандай жамоани енгиш мумкин. Легионерларимиз жамоага яқинда келиб қўшилди ва уларни ҳали тўлиқ ўргана олмадим. Умид қиламанки, эртанги ўйин Сурияга қарши учрашувдагидан кўра яхшироқ бўлади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Эрон терма жамоалари учрашуви 11 сентябрь куни маҳаллий вақт билан соат 20:00да бошланади.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА
2 022