ЎзА Ўзбек

23.09.2019 Чоп этиш версияси

Йилқичилик ва от спорти клуби иш бошлади

Йилқичилик ва от спорти клуби иш бошлади

Андижон туманида “HORSE KING” йилқичилик ва от спорти клуби иш бошлади. Мазкур мажмуада олимпия спорт турларидан ўрин олган от спортини ривожлантириш бўйича зарур барча шароитлар яратилган.

Андижон тумани Храбек қишлоғидаги ҳудуди 12 гектар бўлган мазкур мажмуанинг 5 гектар майдони бино ва спорт иншоотлари бўлса, 7 гектарида отлар учун озуқа – ем-хашак етиштирилади.

Германиялик мутахассислар кўмагида энг сўнгги технологиялар асосида барпо этилган клубда самарали фаолият олиб бориш учун барча шароит яратилган. Хусусан, от спортининг конкур тури ва кўргазмали чиқишлар учун халқаро талабларга жавоб берадиган манеж барпо этилган. Манежнинг сатҳи тўрт қопламали бўлиб, геотўр ётқизилган, дренаж тизими мавжуд. Машқлар ўтказиладиган махсус майдон, шунингдек, томошабинлар учун 150 ўринли трибуналар қурилган. Бундан ташқари, мусобақалар ўтказиш, меҳмонларни кутиб олиш, уларнинг бевосита клуб базасида яшашлари учун имконият яратилган.

– Мажмуага йигирмадан ортиқ зотдор отлар олиб келиниб парваришланмоқда, – дейди клуб мутасаддиси Баҳромжон Мадраҳимов. – Айғир ва биялар секцияларга ажратилган алоҳида хоналарда сақланади. Шунингдек, отлар учун чўмилиш ҳавзаси қурилган. Мусобақаларга тайёргарлик жараёнида отлар ушбу бассейнда чўмилтирилиб, махсус қурилма ёрдамида ультрабинафша нурлари билан витаминларга тўйинтирилади.

Мажмуада фаолият юритиш учун малакали мураббий ва инструкторлар ишга жалб этилган. Умуман, мажмуанинг ишга тушиши билан 20 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. Мазкур мажмуа вилоятда от спортини янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Тантанали маросим от спорти бўйича Ўзбекистон очиқ чемпионати очилишига бағишланган тадбирга уланиб кетди.

Клубнинг очилишига бағишланган тадбирда Андижон вилояти ҳокими Ш.Абдураҳмонов сўзга чиқди.

5 359
Ф.УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзА