ЎзА Ўзбек

12.07.2018 12:38 Чоп этиш версияси

ЙИГИТЛАР, АХИР БУ “ТОТТЕНХЭМ”КУ!

ЙИГИТЛАР, АХИР БУ “ТОТТЕНХЭМ”КУ!
Сарлавҳани ўқиб гап мавзуси Англиянинг “Тоттенхэм” клуби ҳақида экан деб ўйламанг. Умуман олганда қисман шу клубга алоқадор. Аммо ҳозир жаҳон биринчилиги давом этаётган бир паллада оддий бир клуб ҳақида фикр билдиришга ҳаракат қилмайман.

“Манчестер Юнайтед” клубининг афсонавий мураббийи Сер Алекс Фергюссон агар жамоаси биринчи бўлимда “Тоттенхэм”га мағлуб бўлиб турган бўлса, танаффусда йигитларига мана шу жумлани айтиб, уларнинг руҳиятини кўтаришга уринар экан. Йўқ, бу ерда клубни кучли деган таъкид ётмаяпти, гап шундаки, кучли мутахассис бўлган Фергюссон “Тоттенхэм” футболчиларининг имкониятини, салоҳиятини жуда яхши билган.

photo.jpg

“Улар бир оз довдирроқ, озгина айёрлик қилсанг, сенинг имкониятларинг бўйича ўйнашади. Шунчаки, уларни тизгиндан чиқариш керак”, деб фикр юритарди.

Ҳа, “Тоттенхэм” йиллар ўтгани билан ўша услубидан воз кечгани йўқ. Ҳозир ҳам шундай. Кубокларнинг финалларига чиқади. Чиройли ўйнайди –– ютқазади. Чемпионлик учун охирига қадар курашади. Якунда эса бошқалар чемпионликни илиб кетади. Муҳим ўйинларда жамоанинг руҳияти, ғолиблик анъаналари камлиги жамоага тўсқинлик қилади.

“От айланиб қозиғини топади”. Мулоҳазамизнинг асосий баёнига ҳам етиб келдик. Кеча оқшом Англия терма жамоаси Хорватияга ҳар томонлама мағлуб бўлди. Ўйинни кўрганлар бунга амин бўлишгандир. Келинг, инглизларнинг мағлубиятига сабаб бўлган омилларни таҳлил этиб кўрайлик.

rqtjgh8bluhhpuxuozph.jpg

Англия ўйинга ўзгармас таркиби билан тушди. Жамоа ўйиндан ўйинга сайқалланиб бораётганди. Бироқ ҳамма гап ижрочиларда эди. Эътибор беринг: Ҳарри Кейн, Киран Триппиер, Эрий Дайер, Делли Алли, Денни Роуз ва ўтган йили “Манчестер Сити” сафига бориб қўшилган Кайл Уокер. Сизга қайси клубни эслатмоқда? Тўғри топдингиз –– “Тоттенхэм”! Жамоа асосини айнан шу клуб футболчилари ташкил этади. Терма жамоа сардори ҳам “Тоттенхэм” вакили. Кечаги ўйинни кўрдингиз. Англия ҳисобни жуда тез очди. Голни ҳам “Тоттенхэм” вакили киритди. Аммо инглизлар шу билан тўхтаб қолди. Голдан сўнг эҳтиёткорлик режимига ўтди. Ҳисобни ушлаб туриш, рақибни қарши ҳужумда жазолашга ҳаракат қилди инглизлар. Бироқ ҳужумдаги “Тоттенхэм” вакилларининг омади келмади. Ҳарри Кейннинг нурсиз ўйини, ўйин суръати тенглашгач, ҳуда-беҳудага асабийлашадиган Делли Алли мураббийнинг танлови сабаб марказий ҳимоячига айланган Кайл Уокерлар ўз даражаларида тўп суришмади. Керак пайтда жамоани ўзи билан эргаштириш Ҳарри Кейннинг қўлида келмади. Ҳа, у ҳозирда мундиалда тўпурарлик қилмоқда. Аммо шунга қарамай, тўп узатишлар, хавфли вазиятларни яратиш, пасларнинг самарадорлиги, жамоа учун фойдалилик мезонлари бўйича ўртамиёна футболчи даражасида тўп сурмоқда. Жаҳон чемпионатидаги олтита голнинг бештаси ҳам Кейн нисбатан кучсиз Тунис ва Панамага қарши кечган ўйинларда киритди. Муҳим беллашувларда эса у қадар кўзга ташланмаяпти. Колумбияга киритилган гол ҳам пеналтидан урилганини инобатга олинса Кейн мутахассис ва мухлислар кутган етакчилик футболни намойиш этганича йўқ. Ундан камроқ тўп киритган бўлса-да, етакчилик, жамоани ортидан эргаштириш бўйича Ромелу Лукаку, Криштиану Роналду сингари наф берганича йўқ.

qeslzeunxfddodrheugn.jpg

Муаммо терма жамоа асоси “Тоттенхэм” футболчилари атрофига қурилганлигида. Тўғри, клуб ва футболчилар ёрқин мавсумни ўтказди. Франция яшил майдонларида ўтган “Евро-2016”да ҳам худди шу жараён кузатилганди. Ўша чемпионатдаги инглизларнинг муваффақиятсиз иштироки омили айнан мана шу ҳолат деб қаралганди. “Истеъдодли, ёш, аммо керак пайтда ўйин тизгинини қўлига оладиган, чинакам сардорлик хислатлари “Тоттенхэм” футболчиларида етишмайди. Улар жамоани тарк этишлари, топ клублар билан шартнома имзолашлари керак” деган фикрлар экспертлар томонидан билдирилганди. Орадан икки йил ўтди. Уокердан бошқа ҳеч ким “Тоттенхэм”ни тарк этишга шошилмади.

l0bdjuz8dqd2fy4jojd8.jpg

Инглизлар ўйинидаги камчилик майдонда устунлик қилаётган паллада ўйин суръатини туширганида бўлди. Хорватия тезкор голдан саросимага тушиб қолган, бундан эса туманли альбион вакиллари тезликни ошириб, голлар киритишга ҳаракат қилишлари лозим эди. Аммо Ҳарри Саутгейт шогирдларидан эҳтиёткорлик билан тўп суришни талаб қилди. Бир кун аввал Франция танлаган тактика остида тўп суришга интилди. Аммо у ўйин бунисининг ўртасида фарқ борлигини инглизлар унутди. Биринчи ярим финалда Бельгия биринчи рақам остида тўп сурган, французлар қарши ҳужумда омадини синаб кўраётганди. Англия эса ўйинни назорат қилаётган паллада уни рақибнинг қўлига топширди. Бу билан эса омадсизлигига сабабчи бўлди.

tcz5uufgakalcerndhxl.jpg

Англиянинг ишончсиз ўйини билан бир қаторда шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Хорватия кеча ўз имконияти бўйича тўп сурди. Хорватияга тан бермасдан илож йўқ. Мана кетма-кет учинчи ўйиндирки, 120 дақиқа давомида майдонда тўп суришяпти. Англиялик футбол мутахассислари “қўшимча бўлимлар бошланганда Хорватияга аввалги ўйинлар чарчоғи халақит қилади, инглизлар эса бундан фойдаланади” деб ўйлашди. Хорватия ана шу тахминларни йўққа чиқарди. Жамоатчилик нигоҳида эса Хорватия ана шу бўлимларда хавфлироқ кўриниши, жамоа ўзига қаердандир куч топиб, рақибдан устунлик қилишини намоён этди. Жисмоний тайёргарлик бўйича Хорватия барча жамоаларга дарс бермоқда.

xhcdyusfc0obokpmudb8.jpg

Ўйин тугагач, турфа хил фикрлар кўпайиб кетади. Табиий жараён. Ғолиблар муҳокама этилмайди, мағлублардан сабаблар изланади. Биз ҳам ўз фикримизни, мулоҳазамизни баён этдик. Бироқ Англия ғолиблик учун яқин келаётганди. Шунчаки, елкасида турган бахт қушини учириб юборишди. Энди бу қуш қачон ана шу елкаларга қўнишини эса вақт кўрсатади.

Шерзод МАҲМУДОВ, ЎзА
6 429