ЎзА Ўзбек

10.01.2020 Чоп этиш версияси

Ёш спортчиларнинг катта ютуқлари

Ёш спортчиларнинг катта ютуқлари

Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Миллий олимпия қўмитаси муассислигида 2019 йил якунларига бағишлаб ўтказилган “Миллий спорт мукофоти – 2019” тақдирлаш маросимида Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича Нукус олий маҳорат мактаби тарбияланувчиси Зайнаб Дайибекова “Энг яхши ёш ва истиқболли спортчи“ номинацияси ғолиби бўлди.

– Қиличбозлик энг ёш спорт турларидан бўлса ҳам, қорақалпоғистонлик спортчилар мамлакатимизда етакчилардан ҳисобланади, – дейди Нукус ихтисослаштирилган Олимпия захиралари мактаб-интернати мураббийи Руслан Султанов. – 2014 йилда Ажинияз номидаги Нукус давлат педагогика институти қошидаги академик лицейда биринчи марта тўгарак ташкил этилди. Дастлабки йилларда мазкур спорт турини ёшлар ўртасида кенг тарғиб этиш, уларни зарур анжомлар билан таъминлаш, спорт мусобақаларида қатнашиш бўйича бир қатор қийинчиликлар бўлди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизнинг бошқа ҳудудлари қатори Оролбўйида ҳам замонавий спорт мажмуалари бунёд этилмоқда. Нукус ихтисослаштирилган Олимпия захиралари мактаб-интернати, Нукус шаҳрида янги қурилган Олимпия ва миллий спорт турларига ихтисослаштирилган олий спорт маҳорати мактаби шулар жумласидандир. Замонавий спорт жиҳозлари билан таъминланган олий спорт маҳорати мактабида ёшлар спортнинг бир қанча турлари, жумладан, 200 дан зиёд ўғил-қиз қиличбозликнинг шамшир ҳамда шпага йўналишларида шуғулланмоқда.

photo5244572539693411428.jpg

Президентимизнинг 2018 йил 15-16 ноябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи чоғида мазкур мажмуада шуғулланаётган ёш спортчилар билан мулоқоти уларнинг спортга бўлган қизиқишини янада оширди. Давлатимиз раҳбари номидан оғир атлетика бўйича нуфузли турнирлар совриндори Рустам Жангабоевга уй, дзюдочи Элёр Машариповга “Malibu” автомобили, қиличбозлик бўйича халқаро турнирлар совриндори Зайнаб Дайибековага “Nexia” машинаси, бошқа ёш спортчиларга эсдалик совғалари топширилди.

Бугунги кунда Айсулув Уснатдинова, Зайнаб Дайибекова, Толқиной Бекбаулиева, Гулбану Есемуратова, Гулистон Пердебоева каби қизлар, Шерзод Мамутов, Пазилбек Генжебоев, Алланиёз Есжанов, Муса Айтмуратов, Азизбек Даулетназаров сингари ўсмирлар Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси ҳисобланади.

photo5244572539693411429.jpg

2018 йилнинг февраль ойида Бирлашган Араб Амирликлари пойтахти Дубай шаҳрида бўлиб ўтган Осиё чемпионатида мамлакатимиз терма жамоаси таркибида Зайнаб Дайибекова учинчи, Шерзод Мамутов, Пазилбек Генжебоев иккинчи ўринни эгаллади. Мусобақада совринли ўринни эгаллаб қайтгани учун терма жамоа аъзолари, жумладан, Зайнаб Дайибекова, Шерзод Мамутов, Пазилбек Генжебоев, мураббий Даўирбек Жиемуратовлар Президентимиз соврини – “Spark” автомобили билан тақдирланди.

Ўтган йилнинг февраль ойида Иордания пойтахти Оман шаҳрида бўлиб ўтган Осиё чемпионатида мамлакатимиз қизлар терма жамоаси таркибида Зайнаб Дайибекова, Айсулув Уснатдинова учинчи, ўсмирлар терма жамоаси таркибида Шерзод Мамутов, Пазилбек Генжебоев иккинчи, учинчи ўринни эгаллаб қайтди.

Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган қиличбозлик бўйича Марказий Осиё конфедерацияси очиқ турнирида шамшир йўналишида қизлар ўртасида Зайнаб Дайибекова биринчи, Айсулув Уснатдинова учинчи, кадетлар ўртасида Шерзод Мамутов биринчи, Пазилбек Генжебоев иккинчи, ўсмирлар ўртасида Пазилбек Генжебоев биринчи, Шерзод Мамутов иккинчи ўринни эгаллади. Қиличбозлик бўйича ўсмир қизлар ўртасида Тошкент шаҳрида ўтказилган жаҳон кубогининг яккалик беллашувида Зайнаб Дайибекова финалда туркиялик Нисонур Эрбил устидан 15:12 ҳисобида зафар қучиб, олтин медални қўлга киритди.

photo5244572539693411430.jpg

2019 йилнинг июль ойида Венгриянинг Будапешт шаҳрида қиличбозлик бўйича жаҳон чемпионати саралаш баҳсларида қорақалпоғистонлик уч спортчи иштирок этди.

– Ўтган давр мобайнида 6 карра Ўзбекистон чемпиони, Осиё чемпионатининг совриндори бўлдим, – дейди Нукус шаҳридаги 47-умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси, спорт устаси Пазилбек Генжебоев. – Бугунги кунда терма жамоа таркибида жорий йилнинг февраль ойида Индонезияда бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатига, март ойида Америка Қўшма Штатларида бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўраяпмиз. Ҳар куни икки маҳал машғулот ўтказяпмиз.

3 444
Д.АБИБУЛ ЛАЕВ, М.ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА