ЎзА Ўзбек

11.09.2019 Чоп этиш версияси

Ёш спортчиларни тарбиялаш соҳасида ечимини кутаётган муаммолар ҳали кўп

Ёш спортчиларни тарбиялаш соҳасида ечимини кутаётган муаммолар ҳали кўп

Жиззах вилояти Пахтакор туманидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактаби мураббийси Баҳодир Мирзақулов спорт соҳасида 30 йилдан кўпроқ фаолият кўрсатиб келмоқда.

Шу вақт мобайнида шогирдларидан 7 нафари халқаро тоифадаги спорт устаси, 50 нафарга яқини спорт устаси бўлди. Улар орасида икки карра Олимпия ўйинлари иштирокчиси Хуршид Тожибоев, Бутунжаҳон талабалар, ҳарбийлар ўйинлари ғолиби Абдуғаффор Умаров каби таниқли спортчилар бор.

ЎзА мухбири Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, иккинчи даражали “Соғлом авлод учун” ордени соҳиби Баҳодир МИРЗАҚУЛОВ билан суҳбатлашди.

– Баҳодир ака, Президентимиз раислигида 4 сентябрь куни жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, халқаро мусобақаларга тайёргарликни кучайтириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишидан сўнг кўнглингизда нималар кечди?

– Йиғилишда ечимини кутаётган кўплаб долзарб муаммолар очиқ-ойдин айтилди. Тўғри, спортни ривожлантиришда эришган натижаларимиз қувонарли. Аммо, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, ҳали бу йўналишда ечимини кутаётган муаммолар ҳам кам эмас. Уларни қанчалик тез ҳал қилсак, ютуқларимиз янада кўпаяди.

Пахтакор тумани спортнинг барча турлари бўйича вилоятда олдинги ўринларда туради. Туман болалар ва ўсмирлар спорт мактаби 2007 йилда реконструкция қилиниб, спортнинг қатор турлари бўйича машғулотлар ўтказиш учун барча шароит яратилган эди. Мажмуа таркибида бокс, кураш машғулотлари заллари, 200 ўринли стадион, баскетбол, волейбол, қўл тўпи майдончалари, енгил атлетика йўлакчалари мавжуд. Айни пайтда муассаса ва унинг умумтаълим мактабларидаги гуруҳларида 1000 дан зиёд ўғил-қиз спорт билан мунтазам шуғулланаётир. Уларга 34 нафар мураббий спорт сирларини ўргатмоқда.

Мен раҳбарлик қилаётган бокс тўгарагининг 27 та гуруҳида 341 нафар ўқувчи шуғулланади. Уларга 10 нафар мутахассис бокс сирларини ўргатади. Тўгарак тарбияланувчиларидан уч нафари бокс бўйича мамлакат терма жамоаси аъзоси. Улардан бири Бобоусмон Ботуров Токио Олимпиадасига номзод, шу кунларда Россиянинг Екатеринбург шаҳрида ўтаётган ҳаваскор боксчилар ўртасидаги ХХ жаҳон чемпионатида иштирок этмоқда.

Истеъдодли спортчини тарбиялаш осон эмас. Бунинг учун, биринчи навбатда, спорт мактабларининг моддий базасини мустаҳкамлаш керак. Бизнинг мактабимиз каби кўплаб болалар спорт иншоотларининг охирги марта жиҳозланганига 10 йилдан ошди. Иншоотлар ҳам, жиҳозлар ҳам фойдаланиш муддатини ўтаб бўлган. Бунинг устига туман, вилоят мусобақаларида иштирок этиш учун бюджетдан маблағ ажратилмайди. Ҳомий топиш ҳам қийин. Бошқа вилоятлардаги мусобақага бориш учун сафар харажатларига ҳамма ота-онанинг ҳам имкони етавермайди. Баъзан қобилиятли ўсмир пули йўқлиги учун мусобақада қатнашолмай қолиши мумкин. Бу унинг руҳиятига таъсир қилади.

– Туман болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида малакали мураббийлар етишмаслиги ҳақида кўп гапирилади. Бу муаммо қандай ечилмоқда?

– Бу ҳам анча оғриқли масала. Масалан, мактабимиздаги 34 нафар мураббийнинг фақат 13 нафари олий маълумотли, холос. Олий таълим муассасасида яхши ўқиган ёш мутахассисларнинг аксарияти қишлоққа келмайди. Улар кўпроқ маош тўланадиган шаҳарда қолишни маъқул кўришмоқда. Болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари мураббийларининг иш ҳақлари жуда кам.

Кейинги йилларда умумтаълим мактаблари ўқитувчиларининг иш ҳақи оширилгани негадир бизга алоқадор бўлмади. Олий ўқув юртини битириб келган ёш мутахассиснинг 1 ставка ойлиги 800 минг сўмга етмайди. Ҳеч қаерда унга 1,5 ставка иш берилмайди. Шунинг учун болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида асосан ўрта махсус маълумотли мураббийлар ишлаётир.

Мураббийларга ҳақ тўлашдаги бундай номутаносиблик уларни рағбатлантиришда ҳам мавжуд. Ваҳоланки, катта спортга болалар спорти орқали борилади-ку?! Уларни 17 ёшгача биз тарбиялаймиз, яъни бўлажак чемпионлар мана шундай мактабларда вояга етади. Бироқ, спортчи халқаро мусобақаларда юқори натижаларга эришса, уни тарбиялаган эмас, амалдаги мураббий рағбатлантирилади. Спорти ривожланган давлатларда эса бундай эмас. Бинобарин, бу масалани ҳам қайта кўриб чиқиш вақти аллақачон келди.

– Ўзингиз мураббийлик қилаётган ёш боксчиларни тарбиялашни янада яхшилаш учун нима қилиш керак деб ўйлайсиз?

– Менимча, болалар ва ўсмирлар спорт мактабларини ихтисослаштириш, қайси тур бўйича имконияти кўпроқ бўлса, шу спорт турини алоҳида қўллаб-қувватлаш тизимини жорий этиш зарур. Масалан, бизнинг туманимизда бокс бошқа ҳудудларга қараганда анча яхши ривожланган. Бу кейинги йилларда етишиб чиққан халқаро тоифадаги спортчилар сонидан ҳам кўриниб турибди. Шунинг учун спорт мактабининг бир қисмини бокс мактабига айлантириш таклифини туман, вилоятдаги соҳа масъулларига ҳам айтганман.

Фақат боксда эмас, бошқа спорт мактабларида ҳам спортнинг энг яхши натижа кўрсатиб келаётган турларига алоҳида эътибор қаратиш масаласини ўрганиб чиқиш керак. Шундай қилинса, катта спортимиз учун ўринбосарлар тайёрлаш янада яхшиланади.

Президентимизнинг сиз тилга олган йиғилишдаги куюниб айтган гапларидан келиб чиқиб, ўзим дуч келаётган айрим муаммолар ҳақида тўхталдим. Бу таклиф ва мулоҳазалар тегишли вазирликлар томонидан ўрганиб чиқилиб, имкон қадар ҳал этилса, бундан барча болалар спорти мактаблари, демакки, мамлакатимиз спорти ютади.

2 666
Тошқул БЕКНАЗАРОВ,ЎзА