ЎзА Ўзбек

20.07.2018 18:57 Чоп этиш версияси

Ёш қиличбозларимиз қитъада етакчилар қаторида

Ёш қиличбозларимиз қитъада етакчилар қаторида
Хитойнинг Уси шаҳрида қиличбозлик бўйича жаҳон чемпионати билан бир вақтда ўсмирлар (кадетлар) ўртасида Осиё туркум мусобақаларининг навбатдаги босқичи бўлиб ўтмоқда.

Бугун – 20 июль куни Усидан хушхабар келди – Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Позил Генжабоев қитъа мусобақаси ғолиби бўлди. Шуниси диққатга сазоворки, у финал беллашувида ўзининг жамоадоши Шерзод Мамутов билан жанг олиб борди. Шерзод турнирнинг кумуш медали билан тақдирланди.

Ёш қиличбозларимиз Осиё мусобақаларидаги ўз ғалабаларини яқинлашиб келаётган Ўзбекистон мустақиллигининг 27 йиллигига бағишладилар.

– Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга жуда катта эътибор бермоқда, – дейди терма жамоанинг катта тренери Нурали Носиров. – Куни кеча “Ёшлик” спорт мажмуасида қиличбозлик залининг очилиши ана шу ғамхўрликнинг яна бир амалий ифодаси бўлди. Бу ерда спортчиларнинг шуғулланишлари ва ҳам мамлакат, ҳам халқаро даражада мусобақалар ўтказиш учун барча шарт-шароитлар яратилган. Натижада Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси Тошкентда қиличбозлик спортининг барча турлари бўйича махсус ихтисослаштирилган қиличбозлик залларига эга бўлди. Бу эса мамлакат терма жамоаси аъзоларининг машғулотларини йил бўйи узлуксиз ўтказиш учун барча имкониятларни яратади.

Қиличбозлар учун яратилаётган қулайликлар ўз самарасини бермоқда. Яқинда шпага бўйича миллий терма жамоамиз Ўзбекистон тарихида илк марта қиличбозлик спортида Осиё биринчилигининг совриндорлари бўлиб, бронза медаллари билан тақдирландилар. Ёш қиличбозларимиз уларнинг зафарини муносиб давом эттиришмоқда.

Эркин Эрназаров

6 191