ЎзА Ўзбек

09.07.2019 18:21 Чоп этиш версияси

Ёш гандболчиларимиздан сенсацион ғалаба

Ёш гандболчиларимиздан сенсацион ғалаба

Йигитларимиз U-18 жаҳон кубогида Данияни мағлуб этди

Италиянинг ўзига хос сайёҳлик марказларидан бўлмиш Терамо шаҳрида гандбол бўйича U-18 ёш тоифасидаги жаҳон кубоги баҳслари бошланди. Бу ҳақда Ўзбекистон МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур мусобақада Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ҳам иштирок этмоқда. Қувонарли жиҳати, ҳамюртларимиз мусобақани сенсацион ғалаба билан бошлади. Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси аъзолари жаҳон кубогидаги илк учрашувида гандбол ватани ҳисобланмиш даниялик тенгқурларига қарши паркетга тушди. Учрашув ҳамюртларимизнинг катта устунлигида ўтиб, якунда 30-9 ҳисоби қайд этилди, табиийки Ўзбекистон фойдасига.

Шуни таъкидлаш жоиз, Даниянинг катталар терма жамоаси амалдаги жаҳон чемпиони бўлиб, ушбу юрт гандболчилари ҳамиша дунё биринчиликларида фаворитлар қаторида эътироф этилади.

Мусобақа регламентига кўра, турнир давравий тизимда ўтказилади. Ҳамюртларимизни олдинда Греция, Германия, Италия, Туркия, Польша ва Руминия ёшлар терма жамоаларига қарши кечадиган баҳслар кутиб турибди.

ЎзА