ЎзА Ўзбек

14.01.2020 Чоп этиш версияси

Янги марралар сари интилаётган Гулжаной

Янги марралар сари интилаётган Гулжаной

Янги спорт мавсумининг илк кунларида Бутунжаҳон таэквондо федерацияси (WT) Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган Паралимпия ўйинларига йўлланма берувчи якуний рейтинг жадвалини эълон қилган эди. Унга кўра, паратаэквондо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Гулжаной Наимова 58 килограммгача вазн тоифасида рейтинг бўйича ХVI Паралимпия ўйинларига тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритди.

Гулжаной Ўзбекистон паратаэквондочилари ўртасида Паралимпия ўйинларига лицензия олган илк спортчи сифатида тарихдан жой олгани халқимиз ғурур-ифтихорини тоғдек кўтарди.

Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини шакллантириш жараёнида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, ногирон ва жисмоний имконияти чекланган ёшларнинг ҳам билим олиши, саломатлигини мустаҳкамлаши, ўз қизиқиши ва интилишига кўра касб-ҳунар эгаллаши, спорт билан шуғулланиши учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда. Ёш авлодни ҳар томонлама соғлом ва баркамол этиб вояга етказиш, Ватанимизнинг халқаро майдондаги обрўсини янада юксалтиришнинг муҳим омилларидан бири сифатида спортни ривожлантириш ва оммалаштиришга қаратилаётган доимий эътибор ўзининг юксак самараларини бермоқда.

Гулжаной Наимова 2001 йил Сурхондарё вилоятида туғилган. У болалик чоғларидан доимо оиласига қувонч олиб келиши, тенгдошлари орасида ўзининг ютуқлари билан ажралиб туриши учун спорт билан шуғуллана бошлади.

Мамлакат миқёсидаги мусобақаларда тобланган Гулжаной 2017 йили терма жамоа таркибида Лондон шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатида муносиб иштирок этди ва бронза медалини қўлга киритди. 2018 йили эса у Вьетнамда ўтказилган Осиё очиқ чемпионатида барча рақибларини енгиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.

Паратаэквондочимиз учун 2019 йил ҳам омадли ўтди. Дастлаб у Туркиянинг Анталия шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида кумуш, Иордания мезбонлик қилган Осиё чемпионатида бронза ва Италияда ўтказилган Европа очиқ чемпионати кумуш медалини қўлга киритди.

– Шу кунга қадар қўлга киритган ютуқларим замирида мураббий ва яқинларимнинг катта меҳнати ётибди. Ўтган вақтлар давомида ҳамиша юрт шарафини ардоқлаш, Ватанимиз байроғини янада юксалтириш ҳақида ўйламоқдаман. Насиб қилса, Паралимпия ўйинларида мен ҳам олтин медалга сазовор бўлиб, мамлакатимиз ёшлари ҳеч кимдан кам эмаслигини исботлайман, – дейди Г.Наимова.

Гулжаной Наимова каби спортчиларимизнинг улкан ютуқларни қўлга киритишида дaвлaтимиз рaҳбaрининг 2017 йил 9 мaртдaги “Ўзбекистон спортчилaрини 2020 йил Токио шaҳридa (Япония) бўлиб ўтaдигaн XXXII ёзги Олимпия вa XVI Пaрaлимпия ўйинлaригa тaйёрлaш тўғрисидa”ги қaрори муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Қароргa мувофиқ, Ўзбекистон миллий паралимпия ассоциацияси спортчиларимизнинг замонавий меъёрлaр асосида ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиши, тажриба ва маҳорaт ошириши, Паралимпия ўйинларига йўлланма берадиган мусобақаларга пухта тайёрлaниши ва уларда муносиб қатнашиши учун барча шароит ярaтиб бермоқда.

Бу спортчилaримизнинг нуфузли мусобақаларда юксак ғалабаларни қўлга киритишида асосий омил бўлди.

Ўтган йилги спорт мавсумида паралимпиячиларимиз дзюдо, сузиш, енгил атлетика, ўқ отиш, пауэрлифтинг, параканоэ, паратаэквандо ва пара академик эшкак эшиш бўйича ўтган жаҳон ва қитъа чемпионатлари ҳамда кубокларида, гран-при мусобақаларида 33 олтин, 16 кумуш, 18 бронза жами 76 медални қўлга киритиб, шижоат ва матонатда, иқтидору истеъдодда ҳеч кимдан кам эмаслигини, аксинча, манаман деган давлат ёшларидан устун эканини исботлади.

Қисқа қилиб айтганда, Ўзбекистон паралимпиячилари ўз маҳорати, матонати ва шижоатини тўла намоён этиб, Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишига доимо тайёрлиги келажакдаги нуфузли мусобақаларда, жумладан, 2020 йили Япониянинг Токио шаҳрида бўладиган XVI Паралимпия ўйинларида бундан-да салмоқли натижаларга эришиши шубҳасиздир.

2 849
Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ, ЎзА