ЎзА Ўзбек

05.01.2020 Чоп этиш версияси

Яна уч кундан сўнг Таиландда Олимпиада саралаш ўйинларига старт берилади

Яна уч кундан сўнг Таиландда Олимпиада саралаш ўйинларига старт берилади

Бу ерда бўлиб ўтадиган 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги қитъа чемпионати бир пайтнинг ўзида Токио Олимпиадасига ҳам йўлланмани тақдим этади.

Унда ягона мақсад билан иштирок этадиган Ўзбекистон олимпия терма жамоаси кеча мусобақа доирасидаги илк учрашувини ўтказадиган Сонгхла шаҳрига етиб келди.

Терма жамоамиз аъзоси Ислом Кенжабоев Осиё чемпионати олдидан ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириб ўтди:

- Осиё чемпионатига кўнгилдагидек тайёргарлик олиб бордик. Йиғинларнинг барчаси юқори даражада ташкиллаштирилди. Ўртоқлик ўйинлари ҳам етарлича ўтказилди, деб ўйлайман.

Асосийси – жамоамиздаги йигитларда иштиёқ кучли ва барча фақат чемпион бўлиш ҳақида ўйлаяпти. Йигитлар шижоатга тўла. Бу ерга нима учун келганимизни ҳамда зиммамизда қандай масъулият турганини яхши англаб турибмиз. Биринчи галда юртимиздаги кўп сонли мухлисларни ғалабалар билан хурсанд қилишга уринамиз.

Тўғри, балким жуда кучли ва қийин гуруҳдан ўрин олгандирмиз. Лекин биз бундан асло қўрқаётганимиз йўқ. Насиб этса, мусобақа давомида ишончли ва мазмунли ўйин кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Мен ўзим ҳам қўлдан келганча терма жамоамизга фойда келтиришга уринаман. Насиб қилса, юртимизга ёруғ юз билан қайтамиз, — деди истеъдодли футболчи.

2 098
Ойбек Юнусов, ЎзА