ЎзА Ўзбек

13.12.2018 Чоп этиш версияси

Волейболчи жароҳат олса...

Волейболчи жароҳат олса... Ўзбекистонда спорт тобора оммалашиб бормоқда. Спорт машғулотлари, мусобақаларда ўйин пайтида жароҳат олиш ҳоллари ҳам учраб туради. Бу спортчиларимизнинг мураббийлари, спорт тиббиёти мутахассислари, шифокорлар зиммасига катта масъулият юклайди.

Таъкидлаш жоизки, замонавий спорт спортчи организмига тушаётган жисмоний юклама тобора ортиб бораётганлигини кўрсатмоқда. Мусобақалар спортчидан юқори сезгирликни, ўта чаққонликни, катта жисмоний куч ва юксак маҳоратни талаб қилади. Бу эса шу соҳадаги мутахассисларнинг тадқиқотлари натижаларига кўра, спортчи соғлиғига салбий таъсир ҳам кўрсатади. Инсоннинг таянч ҳаракат органлари зиммасига тушаётган ортиқча жисмоний юклама спортчининг келажакда мусобақаларда қатнашиш имкониятини чегаралаб қўяди. Айрим ҳолларда жисмоний жароҳатлар ногиронликка ҳам олиб келади.

Волейболда спортчиларнинг фақат тўп билан ўйнаб, бир-бирига қўл теккизмаслиги туфайли ўйиннинг бу турида унчалик кўп жароҳат олинмайди. Аммо айни волейболда асосан қўл ҳаракатлари кўп бўлганлиги, спортчидан тезлик ва чаққонлик талаб қилиниши сабабли унинг қўллари билан боғлиқ жароҳатлар содир бўлади.

Волейболчининг жароҳат олган қўллари мушаклари ва қон томирларини даволаш ва ҳаракатини тиклаш бўйича янги машқлар комплекси ишлаб чиқилди. Синовлар шуни кўрсатдики, спортчи кўпинча елкадан, билагидан ва бўғимларидан энг кўп жароҳат олар экан. Бу ҳолат, айниқса, волейболчи сакраб, зарб билан тўпни урган пайтларида содир бўларкан. Шунингдек, бу ҳолатда спортчининг тик умуртқа поғонасида, белида, елка, билакларида қайрилишлар юз бериб, бўғимларининг чўзилиши кузатилади.

Спортчининг жисмоний ҳолатини, унинг чиниқиш жараёнини мунтазам назорат қилиб бориш мақсадга мувофиқдир. Ишлаб чиқилган машқлар жароҳат олган спортчининг нафақат анатомик тузилишини асл ҳолатига қайтаради, балки таянч ҳаракат аъзолари ҳаракатини ҳам тиклайди, айни бир пайтда чаққонлигини, кучини ва чидамлилигини оширади.

Ўтказилган таҳлил ва тадқиқотлар спортчининг талаб даражасидаги машқларни бажара олиш қобилияти, унинг чаққонлиги ва эгилувчанлиги маълум машқларни бажариши билан, масалан, ерга қараб қаттиқ эгилган ҳолатда танани маълум муддат маҳкам ушлаб туришига ҳам боғлиқлигини кўрсатди.

Спортчининг куч-қувватини аниқлаш учун эса қўл панжасидаги кучни ўлчаш лозим бўлади. Спортчининг куч-қуввати, шунингдек, штанга, тош кўтариш билан ҳам аниқланади. Штанга ва гантель тошлари маълум муддат кўкрак баландлигида ушлаб турилади. Бу бир неча бор қайтарилади.

Спортчининг ётган ҳолатда штанга ва тошларни қанча кўп кўтариб-туширишига қараб унинг елка мушакларининг ночор ёки бақувватлиги аниқланади. Эркаклар бу машқни ётган ҳолда бажаришса, аёллар тиззада турган вазиятда амалга оширишади.

Мухтасар айтганда, спортчининг доимо спорт формасида бўлишини таъминлаш, жароҳатланиши профилактикаси ҳам алоҳида эътибор ва масъулиятни талаб қилади.

Р.Аъзамов,

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар 

вазирлиги Академиясининг 

ўқитувчиси, катта сержант. 



2 053
ЎзА