ЎзА Ўзбек

15.11.2019 Чоп этиш версияси

Велотрек марказининг янги қиёфаси

Велотрек марказининг янги қиёфаси

Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида жойлашган Республика велотрек ўқув-машқ марказининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Маросимда жисмоний тарбия ва спорт вазири Д.Набиев, Миллий олимпия қўмитаси раиси Р.Шоабдураҳманов, Англиядаги Вестминстер университети вице-канцлери ҳамда президенти Питер Бонфилд, федерация мутасадди раҳбарлари, мураббий ва спортчилар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳамда велосипед спорти федерацияси раиси Т.Норбоева мамлакатимизда Олимпия ўйинлари дастуридан жой олган велоспорт турини аҳоли ўртасида янада оммалаштириш, спортчиларга кенг имкониятлар яратиш борасида давлатимиз раҳбари томонидан бир қатор самарали ишлар олиб борилаётганини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, ушбу шароитлардан муносиб фойдаланаётган иқтидорли спортчиларимиз сўнгги йилларда нуфузли мусобақаларнинг барчасида муносиб иштирок этиб, юртимиз байроғини янада юксалтираётганлиги ҳақида тўхталиб ўтди.

Дарҳақиқат, бугун велоспорт ёшларимизнинг энг севимли спорт турларидан биридир. Ўзбекистон миллий терма жамоа аъзолари жорий йилнинг 30 октябрь – 3 ноябрь кунлари Беларусь Республикасининг Минск шаҳрида ҳамда 8-12 ноябрь кунлари Буюк Британиянинг Глазго шаҳрида велотрек йўналиши бўйича бўлиб ўтган Жаҳон кубогининг биринчи ва иккинчи босқичларида муносиб иштирок этди.

photo5366369256633117425.jpg

Жумладан, Буюк Британиянинг Глазго шаҳрида велотрек бўйича бўлиб ўтган Жаҳон кубоги иккинчи босқич мусобақасида аёллар миллий терма жамоаси аъзоси Ольга Забелинская кумуш медаль билан бирга Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларига йўлланма берувчи қимматли рейтинг очколарини қўлга киритди ва бу орқали миллий терма жамоа Жаҳон кубогининг қолган босқичларида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлди.

Ҳозирда аёллар ва эркаклардан иборат миллий терма жамоа жаҳон рейтингда 24-поғонада бормоқда.

Жорий йилги мавсум велоспортчиларимиз учун омадли ўтмоқда. Ольга Забелинская 22-28 апрель кунлари Ўзбекистонда шоссе бўйича бўлиб ўтган Осиё чемпионатида ғолиб бўлиб, Олимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритган бўлса, Муроджон Холмуродов Халқаро Велосипедчилар иттифоқи (UCI) томонидан Токио – 2020 Олимпия ўйинларига белгиланган квоталарни жамғарган ҳолда шоссе йўналиши бўйича яна бир йўлланмани терма жамоамизга келтирди.

Республика велотрек ўқув-машқ маркази 1982 йилда қурилган. Марказда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 мартдаги “2020 йил Токио шаҳрида (Япония) бўлиб ўтадиган ХХХII ёзги Олимпия ва ХVI Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини муносиб тайёрлаш тўғрисида”ги қарорига асосан ҳамда давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббусда белгилаб берилган спорт соҳасига йўналтирилган вазифалар ижроси доирасида кенг кўламли реконструкция ишлари олиб борилди.

photo5366545539270814674.jpg

Мажмуада спортчиларга барча зарур шарт-шароитлар яратиш ҳамда велотрек тўлақонли спортчиларга хизмат кўрсатишини таъминлаш мақсадида жисмоний машқлар ўтказиш учун алоҳида тренажёр зал, ётоқхона қуриб битказилди.

Мазкур Республика велотрек ўқув-машқ маркази трек йўналиши бўйича турли мусобақаларни ўтказиш, шунингдек, миллий терма жамоанинг йил давомида узлуксиз ўқув-йиғин машғулотлари билан шуғулланиши ва бу орқали халқаро турнирларга тайёрланишига хизмат қилади.

Умид қиламизки, жаҳон стандартларига тўлиқ жавоб бера оладиган мазкур марказда ўз маҳоратларини оширадиган велоспортчиларимиз келгусида Осиё ва жаҳон чемпионатлари, Олимпия ҳамда Осиё ўйинларида шоҳсупанинг юқори поғонасидан жой эгаллайдилар.

3 091
Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ, Ёқуб МЕЛИБОЕВ (сурат), ЎзА