ЎзА Ўзбек

03.03.2020 Чоп этиш версияси

Велосипедсиз яшолмайдиган отахонлар...

Велосипедсиз яшолмайдиган отахонлар... Фарғона вилоятининг Қўштепа туманида велосипед минишни кундалик ҳаёт тарзига айлантирган отахонлар бор. Кўпчилик уларга ҳавас қилиши ҳам аниқ. Чунки улар бир кунда 15-20 километр масофада велосипедда сайр қилишни ўзларига одат қилишган.

Меҳнат фахрийси Раҳмонали Темиров “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилади. 72 ёшли отахон кўпинча велосипедда юради.

photo5399840130044373935.jpg

– Ўн ёшимда дадам велосипед олиб берган, – дейди Раҳмонали ака. – Қишлоқ хўжалигида ишлаганим учун доимо велосипеддан фойдаланганман. Камдан-кам транспортда юраман. Доимо ҳаракатда бўлган одам касал ҳам бўлмайди. Худога шукр қиламанки, бирор марта шифохонада ётмадим. Аслида велосипед миниш ҳам спортнинг бир тури. Унинг соғликка фойдаси катта.

Спортнинг саломатликни мустаҳкамлашдаги ўрни катта. Хусусан, велосипедда юришнинг хосияти жуда кўп. Мутахассисларнинг фикрича, велосипед ҳайдаганда деярли барча аъзолар ҳаракатда бўлади. Табиийки, ўпкамиз чуқур-чуқур нафас олиши орқали барча тўқималаримиз кислород билан яхши таъминланади. Велосипед ҳайдаш қабзиятга чек қўяди. Бундан ташқари, буйрак ва қовуқдаги қумлар силжий бошлайди. Айниқса оёқларимизнинг тинимсиз ҳаракати жигарни худди насосга ўхшаб тинмай ишлашга ундайди, натижада ўт пуфагида тош тўпланишига йўл қўйилмайди. Ёшликда велосипед миниб юрган одам бел оғриғидан мутлақо қийналмайди. Қариганда ҳассага иши тушмайди, қон айланиши яхшиланади.

photo5400286175282965828.jpg

Отахон кейинги пайтда велосипеддан фойдаланувчилар кўпайиб бораётганидан хурсанд. Ўзи ҳам бу транспортнинг атроф-муҳитга ҳеч қандай зарари йўқлиги, аксинча, инсон саломатлигига фойдасини тарғиб қилишдан чарчамайди. Қўштепа туманида Раҳмонали ака сингари велосипедда сайр қилишни яхши кўрадиган фахрийлар кўплаб топилади. Ҳозирги кунда уларнинг сони 300 нафардан ошиб кетди. Соғлом ва тетик ҳамда бақувват бу ёши улуғ инсонлар велоспорт бўйича ўтказиладиган ҳар бир мусобақада, соғломлаштириш марафонларида доимо фаол қатнашади.

Эътиборли жиҳати, туманда яшовчи велоҳаваскорлар юртимизнинг турли ҳудудларига саёҳатларни ҳам ташкил этиб келишяпти. Ўтган даврда 20 дан ортиқ фахрийлар велосипедда Шоҳимардонга, Наманган вилояти Поп туманининг Чодак қишлоғига сайр қилди.

Бугунги кунда вилоятда бундай инсонлар сони тобора кўпайиб боряпти. Тошлоқлик муҳандис 72 ёшли Исмоилжон Малабоев велосипедда Тошлоқдан Москва-Фарғона шаҳригача бўлган масофани 24 кунда босиб ўтган бўлса, марғилонлик 74 ёшли Маъруфжон Акрамов велосипедда Франциянинг Париж шаҳрини забт этган.

Ҳа, велосипед – экологик жиҳатдан энг тоза транспорт тури бўлиб, у атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, соғлиқни сақлаш ва спортни оммалаштиришга хизмат қилади.

2 228
Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА