ЎзА Ўзбек

09.10.2019 Чоп этиш версияси

Вазирлик, идора ва ташкилотлар ўртасида спортнинг икки тури бўйича “Бош вазир кубоги” мусобақаси ўтказилади

Вазирлик, идора ва ташкилотлар ўртасида спортнинг икки тури бўйича “Бош вазир кубоги” мусобақаси ўтказилади

Хабарингиз бор, 2019 йил 4 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 2020 йилда Япониянинг Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган Олимпиада ўйинларига тайёргарлик кўриш, оммавий спорт ва жисмоний тарбияни ривожлантириш бўйичавидеоселектор йиғилиши бўлиб ўтган эди.

Президент томонидан вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари ҳамда ҳудудлардаги йирик корхоналар ва ташкилотлар ходимларини соғлом турмуш тарзига ўргатиш, жисмоний тарбия кўникмасини шакллантириш ва улар ўртасида спортнинг оммавийлигини таъминлаш, шу мақсадда турли оммавий маданий ва спорт тадбирлари, жумладан “Бош вазир кубоги” мусобақасини ўтказиш вазифаси юклатилган эди.

Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида жорий йил 18-27 октябрь кунлари спортнинг футбол ва волейбол турлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош вазири кубоги мусобақаси ўтказилади. Унда турли вазирлик, ташкилот ҳамда идораларда фаолият олиб бораётган марказий аппарат ходимлари иштирок этади.
Футбол бўйича ўтказиладиган “Бош вазир кубоги” мусобақаси вазирлик, идора ва ташкилотлар ходимларининг жисмоний ривожланишини такомиллаштириш ҳамда уларнинг жисмоний тарбия ва оммавий спортга бўлган қизиқишларини оширишга қаратилган. Ушбу мусобақада соҳа ходимларидан ташкил топган 62 та жамоа ғолиблик учун кураш олиб боради. Аёллар ўртасидаги волейбол мусобақаларида иштирок этиш учун эса 11 та жамоадан талабнома келиб тушган.

Футбол мусобақаларининг плей-офф босқичи беллашувлари “Бунёдкор” футбол академиясининг сунъий майдонида ўтказилса, ярим финал ҳамда финал ўйинлари 26-27 октябрь кунлари “Миллий” стадионда ташкил этилади. Мусобақага қуръа ташлаш маросими ҳамда матбуот анжумани 12 октябрь куни соат 10:00да Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги биносида бўлиб ўтади.

Футбол ва волейбол бўйича “Бош вазир кубоги” мусобақаси ғолиб ва совриндорлари ташкилотчиларнинг қимматбаҳо совғалари, кубок ва дипломлар билан тақдирланади.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати

5 100
ЎзА