ЎзА Ўзбек

10.01.2019 19:14 Чоп этиш версияси

Вазир кубоги ғолиблари аниқланди

Вазир кубоги ғолиблари аниқланди Пойтахтимизда "Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазири кубоги" спорт мусобақалари якунланди.

Қишки таътил даврида ўқувчи-ёшларни ва маҳалла фуқарорларини жисмоний тарбия ва оммавий спортга жалб қилиш мақсадида 2018 йил 25 декабрдан бошлаб Тошкент шаҳрининг барча туманларида Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазири кубоги учун спорт мусобақалари ўтказилди.

14 кун давом этган мазкур спорт мусобақасига Тошкент шаҳридан 9 минг 400 нафарга яқин, шу жумладан, 7 минг 500 нафар ёш қамраб олинди.

Баскетбол спорт турининг ўғил болалар ўртасидаги баҳсларида биринчи ўринни Яшнобод тумани 61-умумтаълим мактаби ўқувчилари эгаллади. Қизлар ўртасида Олмазор тумани 233-умумтаълим мактаби жамоаси ғолиб бўлди.

Волейбол бўйича беллашувларда Чилонзор тумани 90-умумтаълим мактаби жамоаси ўғил ва қиз болалар ўртасида шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.

Шу билан бирга, Тошкент шаҳри маҳаллаларида истиқомат қилувчи аёллар ўртасидаги мусобақада Шайхонтоҳур тумани аёллар жамоасига тенг келадигани топилмади.

Бадминтон спорт мусобақаларида Чилонзор тумани 195-умумтаълим мактаби ўқувчилари Муҳаммад Тўлқинов ва Севинч Содиқова ғолиб бўлишди.

Стол тенниси мусобақасида Мирзо Улуғбек тумани 209-умумтаълим мактаби ўқувчиси Самандар Расулов ўғил болалар ўртасида, Чилонзор тумани 178-умумий таълим мактаби ўқувчиси Лола Қаҳрамонхўжаева қизлар ўртасида биринчи бўлди.

Мини-футбол учрашувларида Яшнобод тумани 227-умумтаълим мактаби жамоаси олтин медаль билан тақдирланди.

Умумжамоа ҳисобида жами 71 балл тўплаган Чилонзор тумани биринчи, 65 балл тўплаган Олмазор тумани иккинчи ҳамда 58 балл билан Яшнобод тумани учинчи ўринни эгаллади.

Мусобақа ғолиб ва совриндорлари Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан кубок ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

7.jpg

22.jpg

26.jpg


Жавоҳир Тошхўжаев, Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА
1 588