ЎзА Ўзбек

12.01.2019 15:46 Чоп этиш версияси

Вадим Абрамов “Бунёдкор”ни бошқаради

Вадим Абрамов “Бунёдкор”ни бошқаради

Хабарингиз бор, жорий йил 8 январь куни “Бунёдкор” футбол клуби раҳбариятида ўзгариш амалга оширилиб, Улуғбек Мирзаев клуб бош директори этиб тайинланган эди.

Клуб матбуот хизматининг хабар қилишича, бугун футболчилар ва мураббийлар билан клуб раҳбарияти йиғилиш ўтказган. Йиғилишда бир қатор масалалар муҳокама этилди. Янги мавсумда клуб олдига қўйилган вазифалар, бажарилиши лозим бўлган ишлар, режалар билан таништирилди.

Шундан сўнг кун тартибидаги асосий масала – бош мураббий масаласи кўриб чиқилди. Клуб бош директори У.Мирзаев вақтинча бош мураббий вазифасини бажариб турган Шуҳрат Мақсудовга миннатдорчилик билдирди ҳамда клубнинг бош мураббийи этиб Вадим Абрамов тайинланганини маълум қилди.

Вадим Карленовичга мураббийлар штабида одатдагидек унинг доимий ҳамроҳи Марат Мифтахутдинов ёрдам беради. Бош мураббий билан биргаликда мураббийлар штаби масаласи ҳам тез орада кўриб чиқилади.

Бундан кўриниб турибдики, “Бунёдкор” клубининг янги раҳбарияти вазиятни ўнглаш ва жамоанинг аввалги шуҳратини тиклаш борасида амалий ҳаракатларни бошлаб юборган. Бу яхши албатта, зотан “Бунёдкор”дек клубнинг Про-лигага тушириб юборилиши ёки бутунлай тугатилиши ўзбек футболи учун катта йўқотиш бўлади. Биз эса воқеалар ривожини кузатамиз.

Отабек Эшмаматов, ЎзА
3 364