ЎзА Ўзбек

29.01.2020 Чоп этиш версияси

Cпортга иштиёқи баланд ёшлар сони ортмоқда

Cпортга иштиёқи баланд ёшлар сони ортмоқда

Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортнинг оммавийлигини таъминлаш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг қарор топтиришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, спорт билан шуғулланувчилар сони тобора ортиб бораётгани қувонарлидир.

Жумладан, Қашқадарё вилоятида айни вақтда фақат 14-30 ёшлилар орасидан спорт билан шуғулланувчилар сони 285 мингдан ортди. Бугун вилоятдаги 4 мингдан зиёд спорт-соғломлаштириш объектлари улар ихтиёрида.

3.jpg

Қарши шаҳридаги “Ватанпарварлар” боғи доимо одамлар билан гавжум. Бу ерда спорт билан шуғулланаётган ёшларни, сайр қилиб ҳордиқ чиқараётган, пиёда юриб саломатлигини янада мустаҳкамлаётган кишиларни ҳам учратасиз. 

– Олий таълим муассасасига ўқишга кириш учун Қарши шаҳрида малакали мутахассислар ёрдамида тайёргарлик кўраяпман, – дейди Ғузор туманидан Озода Саидова. – Ёзда ўтказилган марафонда қатнашгандим. Шу-шу машғулотлардан бўшадим дегунча “Ватанпарварлар” боғига бориб спорт билан шуғулланаман. Бу хотирамни тиниқлаштириб, яхши билим олишимга, фактлар, далиллар ва рақамларни эслаб қолишимга яқиндан ёрдам бераяпти. Эртадан кечгача ўзимни тетик ҳис қилаяпман.

5.jpg

Айтиш керакки, бугун чекка-чекка қишлоқларда ҳам муҳташам спорт заллари барпо этилиб, улар замонавий спорт жиҳозлари билан таъминланаётгани ҳам ёшларнинг спортга меҳр қўйишига сабаб бўлмоқда. 

6.jpg

– Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида бу масалага яна бир бор алоҳида эътибор қаратилгани мени жуда хурсанд қилди, – дейди Қарши туманидан Ислом Каримов. – Унда ҳудудларда аҳоли, айниқса, ёшларимиз учун кўплаб янги оммавий спорт объектлари – футбол, волейбол, баскетбол ва бадминтон майдонлари, бокс, кураш, фитнес ва гимнастика спорт заллари, теннис корти қурилиши айтилди. Демак, янги спорт мажмуалари янада кўпаяди, спортга иштиёқи баланд ёшлар сони янада ортади.

5 601
Ў.БАРОТОВ, Ж.НОРҚОБИЛОВ (сурат), ЎзА