ЎзА Ўзбек

22.08.2018 16:59 Чоп этиш версияси

Узоқ кутилган иккинчи олтин

Узоқ кутилган иккинчи олтин
Шу кунларда кенг жамоатчилик диққат марказида турган XVIII ёзги Осиё ўйинлари тобора қизғин тус олмоқда. Бугунги дастур доирасида атлетларимиз сузиш, қиличбозлик, таэквондо, юнон-рум кураши, оғир атлетика, спорт гимнастикаси, велоспорт, слаломда ва академик эшкак эшиш, ўт отиш ҳамда теннис бўйича ўтказилган баҳсларда ўз омадларини синаб кўришди. Кўпчиликнинг эътибори шубҳасиз таэквондо мусобақаларига қаратилди. 

Ушбу йўналишда юртимиз шарафини бугун икки нафар ҳамюртимиз 63 килограмгача бўлган вазн тоифасида Сардор Тоиров ҳамда 80 килограмгача вазнда терма жамоамиз етакчиларидан бири, хусусан Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида бўлиб ўтган XVII Осиё ўйинлари кумуш медали совриндори Никита Рафаловичлар ҳимоя қилишарди. Кечаги баҳсларда яна бир етакчи атлетимиз, жаҳон чемпиони Дмитрий Шокин олтин медални қўлдан чиқаргач, терма жамоамиз аъзоларининг бор умиди Никитага қадалганди. Шуниси қувонарлики, ҳамюртимиз мухлислари ишончини оқлаган ҳолда терма жамоамизга узоқ кутилган олтин медални тақдим этди. 

У финалда таэквондо ватани Жанубий Корея вакили Ли Хва Жун устидан қийинчилик билан 21:18 ҳисобида ғалаба қозонди. Тан олиш керак, финал беллашуви ўз номига мос тарзда ҳаяжонли лаҳзаларга бой бўлди. Сўнгги бўлимга келиб Никита рақибини 18:11 ҳисобида доғда қолдираётганди. Аммо, Ли таслим бўлмади ва ҳисобни тенглаштирди. Кўпчилик энди олтин очко қоидасига гувоҳ бўлишимизни кутиб турган бир паллада Никита Рафалович биргина аниқ зарба билан жанг тақдирини ҳал қилди. Шу тариқа терма жамоамиз аъзолари XVIII Осиё ўйинларидаги иккинчи олтин медални қўлга киритди. Эслатиб ўтамиз, мусобақанинг илк кунида эркин курашчимиз Бекзод Абдураҳмонов Ўзбекистон спорт делегациясига дастлабки олтин медални тақдим этганди.

ЎзА
6 017