ЎзА Ўзбек

02.07.2018 12:50 Чоп этиш версияси

Ҳужумчисиз ўйнаш “маҳорат”и

Ҳужумчисиз ўйнаш “маҳорат”и
Аргентина французлардан мағлубиятга учраганидан бир оз вақт ўтиб, португаллар ҳам Уругвайга имкониятни бой бериб қўйди. Демак, чорак финалда Месси ҳамда Роналду қарама-қаршилигини кўрмаймиз. 

Ҳа, Қозондаги ўйинда Дидие Дешам шогирдлари рақибларига нисбатан яхшироқ эмас, жуда яхши ўйнади. Аргентиналик мураббий эса гуруҳ босқичидаги хатоларини яна бир бор такрорлади. Унинг энг катта хатоси – кучли ҳужум чизиғига эга бўлган жамоанинг барча форвардларини майдонга туширмаслигида. Қаранг, ҳозир тушунтираман. 

Бразилия термасида ҳужумда яхши ҳаракат қиладиган футболчилар бисёр. Улар – Неймар, Жезус, Фирмино, Коутино. Инглизларда ҳам шундай. Масалан, Кейн, Рашфорд, Лингард, Вардй. Белгия термасининг ҳужум чизиғига эьтибор қаратинг: Лукаку, Батшуайи, Азар, Янузай, Мертенс. Французларнику гапирмаса ҳам бўлади. Уларнинг ҳужумчилари – Гризман, Мбаппе, Жиру, Фекир, Дембеле, Товен. Кучли а?! 

Лекин Аргентинанинг ҳужумни якунловчи қисми бу термаларга дарс ўтиши мумкин. Месси... Агуеро, Игуаин, Дибала, Ди Мариа. Аммо Сампаоли бу футболчиларни асосий таркибда биргаликда туширмайди. Юқоридаги термалар эса барча юлдуз ҳужумчиларни бирга ўйнатишдан қўрқмайди. Лекин Сампаоли эмас. Замонавий футболда ижрочиларнинг аҳамияти кун сайин ортиб бораётган бир паллада у Павон, Меса, Перез каби футболчиларни асосийда тушираверади негадир.

Мундиални эрта тарк этган Немисларда шундай ҳужумчилар бормиди? Йўқ. Уларда бор-йўғи 3 та ижрочи бор эди. Бири қария Гомез, яна бири жароҳатлар гирдобида юрувчи Ройс, учинчиси, тажрибасиз Вернер. Сане йўқ. Испанлардачи? Коста, Васкез, Родриго, Аспас каби ҳужумчилар. Тан олайлик, охирги иккита терманинг ҳужумчилари топ даражада эмас. Аммо Аргентинаники жуда кучли эди. Испанларнинг Африкадаги ғалабаси ҳамда немисларнинг Бразилиядаги зафарли онларида асосий ишни ижрочилар амалга оширганини ёддан чиқармаслик керак. Ва бир нарсани қўшиб ўтиш жоиз футбол ўзгариб боряпти. 

Агар Суареснинг термасида Сампаоли бош мураббий бўлганда улар ҳам мундиални шу босқичдан тарк этишарди. Чунки ҳужумчилар майдонга тушмаса, жамоа мағлуб бўлиши муқаррар-ку! 

Шоҳрух Нўмонов, ЎзА
11 981