ЎзА Ўзбек

18.07.2018 19:09 Чоп этиш версияси

Умиджон жаҳон чемпионати тўпурарини доғда қолдирди

Умиджон жаҳон чемпионати тўпурарини доғда қолдирди Янгийўл шаҳрида 10-11 ёшли болалар ўртасида очиқ футбол мусобақаси ўтказилди. Унда Янгийўл тумани ва шаҳрининг 8 жамоаси ғолиблик учун баҳс олиб борди.

Мусобақа Янгийўл шаҳар болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ташаббуси билан ўқувчи-ёшларнинг ёзги таътилини мазмунли ўтказиш, болалар футболини ривожлантириш ва ёш иқтидорларни аниқлаш мақсадида ташкил этилди.

– Бу ерда 500 дан зиёд ёш спортнинг эркин кураш, бокс, дзюдо, волейбол, футбол, шахмат каби 11 тури бўйича машғулот олиб боради, – дейди мактаб директори Д.Қодиров. – Футболга ихтисослашган 4 гуруҳ мавжуд бўлиб, уларда тарбияланувчилар тажрибали мураббийлардан футбол сирларини қунт билан ўзлаштирмоқда. Бу каби мусобақалар уларнинг маҳоратини янада тоблаши шубҳасиз.

photo5366282854776023338.jpg

Илк бор ташкил этилган мазкур беллашувда мезбонлар – Янгийўл шаҳар болалар ва ўсмирлар спорт мактаби футбол жамоаси ғолибликни қўлга киритди. Иккинчи ўринга туманнинг Халқобод, учинчи ўринга Ниёзбош маҳалласи жамоалари сазовор бўлди.

– Мусобақада рақиб дарвозасига 7 та гол урдим, – дейди ғолиб жамоа ҳужумчиси Умиджон Эргашев. – Жамоадошларим гол уриш борасида яқинда якунланган жаҳон чемпионати тўпурари, англиялик Ҳарри Кейндан ҳам ўзиб кетдинг, деб ҳазил қилишди. Ҳали кўрасиз, миллий терма жамоамиз билан жаҳон чемпионатида иштирок этиб, бундан ҳам кўп гол ураман.

Футбол мусобақаси якунида ғолибларга махсус кубок ва эсдалик совғалари топширилди.

Авазбек Худойқулов, ЎзА
4 979