ЎзА Ўзбек

30.12.2019 Чоп этиш версияси

Улоқ Андижонлик чавандозларга кетди

Улоқ Андижонлик чавандозларга кетди

Наманганда йигирма йиллик танаффусдан сўнг илк маротаба улоқ-кўпкари бўйича мамлакат чемпионатига старт берилган эди. Андижон, Бухоро, Жиззах, Наманган, Сирдарё, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент, Фарғона, Қашқадарё вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридан ўн икки жамоа чавандозлари уч кун давомида майдонга от солган мусобақалар улоқ-кўпкарида энг маҳоратли жамоани аниқлаб берди.

Аждодларимиздан бизга мерос бўлиб келаётган қадимий от спорти ўйинларидан бири бўлган улоқ-кўпкари йигитлар қалбида мардлик ва ватанпарварлик, чаққонлик ҳамда довюраклик фазилатларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади. Мамлакатимизда от спортини ривожлантириш ва оммалаштиришга қаратилаётган алоҳида эътибор, Президентимиз томонидан бу борада қабул қилинган фармойиш ва қарорлар, кўрилаётган чора-тадбирлар замирида ана шундай эзгу мақсад мужассам.

Наманган мезбонлик қилган улоқ-кўпкари чемпионати 2019 йил спорти солномасини ўзига хос саҳифалар билан ёпди. Кириб келаётган 2020 йил арафасида ўтказилган мазкур мусобақа, айниқса от спорти мухлислари учун муносиб Янги йил туҳфаси бўлди.

11.jpg

Мусобақанинг биринчи куни майдонга тушган жамоалар қуйидаги натижаларга эришди: Андижон-Наманган-2 5:0, Фарғона-Наманган-1 1:0, Бухоро-Сирдарё 1:3, Тошкент-Қашқадарё 8:1, Андижон-Жиззах 1:0, Наманган-1-Сурхондарё 1:4.

Иккинчи кунги беллашувлар эса ўйинлар Навоий-Сирдарё 1:1, Самарқанд-Қашқадарё 3-0, Наманган-Жиззах 3-2, Фарғона-Сурхондарё 2-2, Бухоро-Навоий 3-2, Самарқанд-Тошкент 1-6 натижалари билан якунланди.

Ярим финалда Сурхондарё ва Тошкент вилояти, Сирдарё ва Андижон вилоятлари чавандозлари ўртасида финал йўлланмаси учун кечган мусобақалар якунига кўра финалда Андижон ва Тошкент вилояти жамоаларини рўпара қилди.

14.jpg

Финал ўйинларининг биринчи бўлими 4:0 ҳисобида андижонликлар фойдасига ҳал бўлди. Акмалжон Ибрагимов, Достонбек Тўйчиевлар бир мартадан, Илхомжон Эргашев икки марта кураги ерга тегмай келаётган тошкентликларни ўйинни марказдан бошлашга мажбур этди.

Иккинчи бўлимда Тошкент вилояти чавандозлари ўйин суръатини кескин ўзгартириб сўнги дақиқаларда 4:4 ҳисобида тенглашди. Аммо андижонликлар якуний ҳисобда 5:4 натижа билан ғалаба қозонди.

Иккинчи ўринни Тошкент вилояти жамоаси, учинчи ўринни Сирдарё вилояти вакиллари эгаллади.

Ғолиб ва совринидорлар, номинациялар ғолиблари олтин, кумуш ва бронза медаллари ва катта миқордаги пул мукофоти, эсдалик совғалари билан тақдирланди.

15.jpg

16.jpg

17.jpg

5 596
Акрамжон САТТОРОВ, ЎзА