ЎзА Ўзбек

29.10.2019 Чоп этиш версияси

Улкан эътибор самараси

Улкан эътибор самараси

Хитойнинг Ухань шаҳрида VII Бутунжаҳон ҳарбий спорт ўйинларида ҳарбий спортчиларимиз 8 тадан олтин ва кумуш, 6 бронза, жами 22 медални қўлга киритди.

Мусобақада дунёнинг 109 мамлакатидан ҳарбий спортчилар спортнинг 27 тури бўйича ғолиблик учун ўзаро куч синашди. Унда делегацимиз аъзолари дзюдо, бокс, таэквондо, теннис ва енгил атлетика бўйича ўтказилган баҳсларда муносиб иштирок этиб, умумжамоа ҳисобида тўққизинчи ўринни қўлга киритди. 

Бундан 12 йил аввал 2007 йилнинг 14-21 октябрь кунлари Ҳиндистонда ўтган тўртинчи Бутунжаҳон ҳарбий спорт ўйинларида иштирок этган вакилларимиз 5 олтин, 2 кумуш ва 7 бронза медални қўлга киритган эди.

photo5314389608206806061.jpg
Бу сафар ҳарбий спортчиларимиз ушбу йирик мусобақада бешта тур бўйича иштирок этиб, янада кўпроқ медаллар шодасини қўлга киритди.

VII Бутунжаҳон армия ўйинларининг дзюдо бўйича ўтган беллашувларида дунёнинг 57 давлатидан жами 350 ҳарбий спортчи иштирок этди. 12 дзюдочимиз иштирок этган беллашувларда вазни 66 килограммгача бўлган Артём Штурбабин ва 73 килограммгача вазн тоифасида Ҳикматуллоҳ Тўраев олтин медални қўлга киритган бўлса, Муҳриддин Тиловов ва Бекмурод Олтибоев ўз вазнида кумуш, Диёра Келдиёрова ҳамда Гулноза Матниязова эса бронза медалга сазовор бўлди. Шу тариқа дзюдочиларимиз нуфузли мусобақада 2 тадан олтин, кумуш ва бронза, жами 6 та медални қўлга киритди. 

Мусобақанинг бокс бўйича ўтган беллашувларининг финал баҳсида Козимбек Мардонов Миср терма жамоаси аъзоси Ораби Абдулраҳмонни 5:0 ҳисобида мағлуб этиб, олтин медаль билан тақдирланди. Шунингдек, Мадияр Саидраҳимов қозоғистонлик Абзал Қуттибековга қарши рингга чиқди ва 1-раунддаёқ рақибини нокаутга учратган ҳолда шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди. Шунқор Абдурасулов ҳамда Билолбек Мирзараҳимов финалга қадар муваффақиятли иштирок этиб, кумуш медаль билан тақдирланди.

Теннис бўйича баҳслар Сабина Шарипова учун омадли ўтди. У яккалик баҳсларда кумуш, жуфтликлар ўртасида эса Ясмина Каримжонова билан биргаликда бронза медалини қўлга киритди.

VII Бутунжаҳон ҳарбий спорт ўйинларида таэквондо WT бўйича баҳсларда вакилларимизга тенг келадигани топилмади.

Аёллар ўртасидаги мусобақада Мадинабону Маннопова, Чарос Қаюмова, Светлана Осипова ўз вазн тоифаларида олтин, Динорахон Мамадибрагимова ва Нигора Турсунқулова кумуш, Феруза Содиқова бронза медални делегациямизга қўшиб қўйди.

photo5314799515590568761.jpg

Эркаклар ўртасидаги баҳсларда ҳамюртларимиздан Улуғбек Рашитов олтин, Сардор Тоиров кумуш, Отабек Турғунбеков ва Ниёз Пўлатов бронза медалга сазовор бўлди. Энг муҳими, таэквондочиларимиз 4 олтин, 3 кумуш, 3 бронза, жами 10 медаль жамғарган ҳолда, умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллади.

Юқорида кўрсатилган муваффақиятлар замирида, энг аввало, мамлакатимизда спортни ривожлантириш, унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ёшлар орасида оммавийлигини ошириш борасида давлатимиз томонидан кўрсатилаётган юксак эътибор ҳамда ишонч ётибди. Ишончимиз комилки, бугун қилинаётган саъй-ҳаракатлар ўз натижасини беради.

3 485
Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ, ЎзА